Ҳадисда илмни Чинга (Хитойга) бориб бўлсада ўрганинглар дейилади. Айни ҳадисдан келиб чиқиб ташриф буюрмаган бўлсакда, 2010-2014 йиллар мобайнида бир қисм илмни Хитойда олиш насиб қилган.
Хитойда байрамлар жуда мўл. Янги йил, Баҳор байрами, Хотира (Чинг Минг) кунлари, Ишчилар куни, Аждарли қайиқлар фестивали, Миллий кунлар ва Куз байрами кабилар шулар жумласидан. Ҳар бир байрам ўртача 3-4 кун нишонланади. Мисол учун, 2020 йилда Баҳор байрами 24-30 кунлари (6 кун), Хотира кунлари (Чинг Минг) 4 апрелдан 6 апрелгача (3 кун), Ишчилар куни 1 майдан 5 майгача (5 кун), Аждарли қайиқлар фестивали 25 июндан 27 июнгача (3 кун), Миллий кунлар 1 октябрдан 8 октябргача (8 кун) ҳамда Янги йил ва Куз байрамлари 1 кундан нишонланиши белгиланган. Асли, ҳордиқ кунларининг кўплиги дангасаларни кўпайтирмаган, аксинча, ички туризмнинг ривожланишига кенг имконият яратиб берган. Хитой Миллий Кунлари баҳонасида Гуилинга қилган саёҳатимиздан баъзи маълумотларни улашамиз.
Гуилин – Хитой Халқ Республикаси миллий валютасининг 20 юанлик пул нотасида акс этган Хитойнинг энг гўзал масканларидан бири. Ушбу ҳудуд маҳаллий савдогарларимизнинг энг севимли манзили Гуангжоу провинциясига қўшни вилоят Гуангхи автоном провинциясида жойлашган.
Гуилин кўплаб оҳактошли карст тепаликлар ва икки кўлдан (Шанҳу ва Ронгҳу) ташкил топган ажойиб манзарали ҳудуд. Гуилинда расмда кўрганингиз каби бамбукли қайиқларда кўл бўйлаб саёҳат қилишингиз, ёки вилосипед ижарага олиб ҳудуд бўйлаб айланишингиз мумкин. Айнан мен ва менинг ўртоқларим саёҳатнинг энг ёқимли аммо бироз машаққатли турини ҳам синаб, кўл бўйлаб 20-25 километрлик масофани асосан пиёда юриб ўтдик. Албатта, 25 километрлик саёҳатнинг бир қисми қайиқда, яна бир қисми велосипедда ва қайтиш қисми мини-автобусда кечди. Аммо, режалаштирилган 1 кунлик саёҳат ажойиботларга бой бўлган. Пиёда мандарин ва помело боғлари, шолипоялар, бамбукли қоялар бўйлаб саёҳат ҳамда табиат бағрида дўстлар билан қилинган пикник. Ҳудуд туристларга бой бўлганлиги учун одамлари туристларга нисбатан жуда мулойим ва ҳушмуомалали. Кимни учратсанг, юзида кулги билан “ни ҳао” деб қарши олади.
Гуилин маҳаллий балиқчилари ўзининг но-анаънавий балиқчилик услуби билан оламга машҳур. Балиқчилар ўзининг балиқчи қушлари билан асосан тунда ов қиладилар. Балиқчининг қўлидаги фонус балиқларни жалб қилган пайтда, балиқчи қуш уларни овлайди. Лекин, ақлли балиқчининг балиқчи қуш бўйнига тақиб қўйган ҳалқаси туфайли қуш йирикроқ балиқларни юта олмайди ва балиқчи йирикроқ балиқларни қуш оғзидан тортиб олади. Балиқчиликнинг ажойиб усули. Шундай эмасми!?
Гуилиндан унча узоқ бўлмаган ҳудудда жойлашган Лонгшенг шоли майдонлари, айниқса, машҳур. Ушбу шоли тепаликлари 650 йиллик тарихга эга.
Шоли майдонлари денгиз сатҳидан 600 — 800 метр баландликкача кўтарилган. Шоли майдони манзараси айниқса куз ойида турли рангда жиловланади. Ушбу гўзалликни томоша қилган кўз эгасининг бор дарди тўкилади.
Дунёда жаннатмакон жойлар жуда кўп. Бундай жойларга саёҳат қилиш инсон онгида жаннат манзараларини шакллантиради ва Яратганнинг қудратига яна бир бор қойил қолишга чорлайди.
Муаллиф ҳақида:
Умиджон Ахунжонов 2010-2014 йиллар давомида Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигининг грантлар дастури асосида ХХРнинг Ухан Технологиялар университетида менежмент йўналишида таълим олган. Ҳозирда Salam Tour бронлаш ва саёҳат фирмасининг таъсисчиси ва бошқарувчи директори сифатида фаолият юритмоқда.