1420 йил (бундан 600 йил олдин) – Темурийлар давлатидан Хитойга юборилган 530 кишилик жуда катта элчилар гуруҳи катталикда Амударёга тенг келадиган Қорамурон дарёсига етиб келди. Қорамурон Хуанхэ дарёсининг мўғулча номи ҳисобланади. Хитой тилида Хуанхэ сўзи “Сариқ дарё” маъносини англатади. Тарихда хитойликлар “беқарор дарё”, “минглаб офатлар дарёси” деб ҳам таърифлаган Хуанхе ўз ўзанини тез-тез ўзгартириб турган.
Тарихчи Абдураззоқ Самарқандий ўз асарида Хуанхэ дарёсидан ўтиш жараёнини қуйидагича ёзиб қолдирган: “Сув устига занжирлар билан йигирма учта кемадан кўприк боғлаган эдилар. Ҳар бир занжирнинг йўғонлиги одамнинг сонидек келади ва ҳар тарафдан ўн газдан қуруқликка чўзилган. Сувнинг икки қирғоғига ҳар бирининг йўғонлиги одамнинг белидек келадиган иккита темир қозиқни ерга маҳкамлаб, занжирлар учини шу қозикларга қаттиқ бириктирилган; кемалар эса катта-катта илгаклар ва занжирлар билан мустаҳкамланган. Кемаларнинг устига тахталар ташлаб, ҳаммасини бир-бирига бириктирилган ва текисланган. Элчилар заҳмат чекмай (дарёдан) ўтдилар”.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади