Хитой телевидениесида ўзбекистонлик мухбир фаолият бошлайди

Шу кунларда Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат делегация Хитой Халқ Республикасида бўлиб турибди. Делегация аъзолари Хитой марказий телевидениеси CCTV фаолияти билан танишди. Унинг таркибига 16 та канал киради ва улар орасида Хитойнинг глобал телеканаллар тармоғи CGTN алоҳида ўринга эга.

Делегация аъзолари ушбу тармоқ вакиллари билан музокаралар олиб борди. Унда Ўзбекистон томони бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган янгиланишлар, оммавий ахборот воситалари фаолиятидаги ўзгаришлар хусусида маълумот берди. Қайд этилишича, ҳозирда Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган хорижлик мухбирлар орасида айнан Хитой вакиллари кўпчиликни ташкил этади. Хитойнинг энг йирик оммавий ахборот воситалари вакиллари юртимиздаги янгиликларни мунтазам равишда хитойлик муштарийларга етказиб турибди. Ўз навбатида Ўзбекистон вакиллари ҳам доимий равишда Хитойга ташриф буюриб, турли мақолалар, таҳлилий шарҳлар, янгиликларни бериб бормоқда.

– Ҳамкорликни янада ривожлантиришимиз керак, – деди CGTN халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Чен Жиутин. – Биз ҳозирда Тошкентда ўз мухбирлик тармоғимизни очиш ниятидамиз. Яқин орада эса ўзбекистонлик журналист Хитойда, бизнинг сафимизда фаолиятини бошлайди. Биз кўпроқ янгиликлар беришга ихтисослашганимиз сабабли тезкорлик муҳим аҳамиятга эга. Икки мамлакат оммавий ахборот воситаларининг ўзаро алоқаларни ўрнатиши эса, айнан биринчи манбадан хабарларни бериш имконини яратади. Биз ҳозиргача Марказий Осиё, жумладан ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан кўп лойиҳалар доирасида биргаликда ишладик. Мисол учун ШҲТ раҳбарларининг саммитларида бир-биримиз билан маълумотлар алмашиш, улар томонидан тайёрланган материалларни бизда, биз тайёрлаган лавҳаларни эса ҳамкорларимиз телеканалларида намойиш этиш тажрибасини қўлладик. Биз бу ҳамкорликни янада кенгайиши тарафдоримиз.

Ўтган йили CCTVнинг бир гуруҳ журналистлари Фарғона вилоятида бўлиб, туркум кўрсатувлар тайёрлашганди. Учрашув давомида ушбу тасвирга олиш гуруҳига Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлимининг махсус дипломи ва эсдалик совғаси топширилди.

Хитой глобал телетармоғи нисбатан янги медиа ташкилот бўлиб, у Хитой Марказий телевидениеси (CCTV) томонидан 2016 йил 31 декабрда ташкил этилган.

Унинг асосий йўналиши турли платформалар орқали халқаро аудиторияни мамлакат ҳақидаги ахборотлар билан таъминлашдан иборат. Ҳозирда унинг Пекин, Вашингтон, Найробида продюсерлик марказлари очилган. CGTN кўптиллик ва турли шаклларда узатиладиган оммавий ахборот воситаси саналади. Гуруҳ таркибига 6 та телевизион канал, CGTN Digital ва CGTN Plus кабилар киради. Асосий янгиликлар канали инглиз тилида бўлиб, аввалги CCTVNEWS ўрнида фаолият олиб боради. Бундан ташқари испан, француз, араб ва рус тилларида янгиликлар бериб боради.

Н.ТОШПЎЛАТОВА, 

Тошкент-Пекин