Хитойча нақл: “Киши ёлғиз қолса, вафот этади”

Хитой тиббиёти узоқ тарихга эгалиги ва ўзига хослиги билан дунё аҳлини қизиқтириб келади. Ҳусусан, хитойликлар тиббиётни “ҳаёт ҳақидаги фан”нинг бир қисми сифатида ўрганишади.

Уларда анъанавий халқ табобатига эътибор шунчалик кучлики, хитой табиблари бирорта бир касалликни даволашдан аввал даво муолажасини инсон руҳиятини соғайтиришдан бошлайдилар. Узоқ умр кўриш борасидаку, хитой қарияларига етадиган йўқ. Хўш, уларнинг бундай  узоқ умр кўришининг сири нимада?

Ушбу саҳифамизда Хитой тиббиётнининг муҳим жиҳатлари, яъни узоқ умр кўриш бўйича бир неча тавсияларни келтириб ўтамиз.

Ҳаракат

Кўпчилик хитойликлар “Тай-цзи” деб аталувчи гимнастика машқлари билан истаган ерда, истаган об-ҳавода шуғулланишни одат қилиб олганлар. Ҳитой шифокорларининг таъкидлашича, бу машқлар даволовчи гимнастика, пиёда сайр қилиш, сузиш каби оддийгина жисмоний машқларни ўз ичига олади.

Фото: 悟空问答

Қаттиқ уйқу

Тиниқиб ухлаш ва эрталаб яхши кайфиятда уйғониш учун аввало, ўз вақтида ухлашга ва уйғонишга  одатланиш керак. Мутахассислар оч қорнига ухлашни ёки тўйиб овқатлангандан кейин ухлашга  ётишни маъқулламайдилар.

Фото: 新浪新闻

Улар фикрича, овқатланишдан уч соат ўтгандан кейингина ухлашга ётиш мақсадга мувофиқдир. Масалан, соат 6 да кечки овқатни қилган бўлсангиз, соат 9 ларга яқин ухлашингиз мумкин.

Тўғри овқатланиш

Овқатланишда энг муҳим меъёрга амалга қилишдир. Қирғичдан ўтказилган маҳсулотлар киши организми учун жуда фойдали. Тез тайёр бўлувчи “фастфуд” маҳсулотлар эса саломатлик учун зарар. Қолаверса, кўпроқ сув ва кўк чой ичишга одатланиш зарур (хитойликлар ўзлари билан термосда кўк чой олиб юришади).

Фото: 亚太日报

Хитой халқи овқатга егулик, деб эмас, даволовчи восита сифатида қарашади. Хусусан, улар совуқ ҳавода иссиқ, жазирамада салқин, фасллараро мўътадил об-ҳавода эса илиқ таомлар истеъмол қилишади. Хитойликларнинг фикрича, бундан овқатланиш тури организмнинг қувват балансини бир меъёрда сақлашга ёрдам беради.

Дўстона жамоада қизиқарли машғулотлар билан машғул бўлиш

Хитойликларда шундай нақл бор: “Киши ёлғиз қолса, вафот этади”. Бу нақл кўринишидан совуқ кўринса-да, кўпчилик шу қоидага амал қилади. Улар ўз қизиқишлари билан баҳам кўра оладиган дўстлар даврасида бўлишни канда қилишмайди.

Фото: viajerototal.com

Рақс, куй ва қўшиқлар, гимнастика – булардан ҳар бири киши “ўзиникини” топиши аниқ. Одам тафтини одам олади, деганлари шу бўлса керак-да. Шундай экан биз ҳам бу борада хитойликлардан ўрнак олсангиз арзийди.

Ижобий хис туйғулар, барчага хотиржамлик ва яхшилик тилаш

Тушкун ёки стрессли вазиятларда нохуш ҳолатларга эътибор бермай, хотиржамликни сақлай олиш муҳимдир.

Фото: pxhere.com

Хитойликлар фикрича, бўлиб ўтган ишларни тузатиб бўлмайди, улар ҳақида ғам чекиш ноўрин. Кўнгилда хотиржамлик ва осойишталик билан олдинга қадам ташлашга ҳаракат қилиш лозим.

Узоқ умр кўриш нуқталарини уқалаш

Бу нуқталарни юзта касалликлардан қутулиш деб ҳам номлашади. Бу қандай нуқталар, қаерда жойлашган дерсиз? Хитойда Цзу Сан Ли деб номланган бу сеҳрли соҳалар, тизза қопқоғидан 4 бармоқ пастдаги чуқурчада жойлашган.

Фото: all-for-woman.com

Бу соҳани кунига 3 марта 3 дақиқадан массаж қилиш кўпгина касалликларни енгишга ёрдам беради.

Наргиза УТЕПОВА,

журналист