Ўзбекистонлик дизайнер «Ханчжоу – 2022» ғолиби

«Ханчжоу–2022» Осиё ўйинлари ташкилий қўмитаси таклифига биноан ўзбекистонлик дизайнерлар мазкур шаҳарда ўтказилган Ци Пао халқаро кўргазмасида иштирок этди. Унда ўз лойиҳалари билан қатнашган ҳамюртимиз биринчи ўринни қўлга киритди. Бу ҳақда УзА хабар берди.

Кўргазмада ташкилий қўмита таклиф қилган давлатлар дизайнерлари иштирок этди. Тадбир Ханчжоу шаҳридаги ипак музейида ўтказилиб, унда намойишга қўйилган кийимлар ҳам мазкур хомашёдан тайёрланди.

Аҳамиятлиси, ўзбекистонлик дизайнер, «Осиё рамзи» дизайнерлар уюшмаси вакили Умида Мўминова ғоясига мансуб чизмалар асосида тайёрланган кийимлар ташкилий қўмита мутасаддилари томонидан юқори эътирофга сазовор бўлди. Дизайнеримиз тайёрлаган кийимлар ўзбек миллий нақшлари асосида безатилган.

Регламентга кўра, ҳар бир иштирокчи 2 комплектдаги ўз намуналарини ҳакамлар ҳайъатига тақдим қилган. Ци Пао халқаро кўргазмаси 2017 йилдан йўлга қўйилган бўлиб, унинг қамрови йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Тақдирлаш маросимида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Владимир Норов ҳамюртимизнинг совринини қабул қилиб олди.

Фото:»UzА»

Ушбу кўргазма нафақат Буюк ипак йўли кесимида жойлашган давлатлар, балки бутун дунёда ипак матоларидан тайёрланадиган кийимлар ва у билан боғлиқ маданиятни оммалаштиришга қаратилган.