Бешариқда Хитой—Ўзбекистон тиббий ҳамкорлиги: бепул кўриклар ва тажриба алмашинуви

Бешариқ туманида халқаро тиббий ҳамкорлик доирасида муҳим тадбирлар бўлиб ўтди. Хитой Халқ Республикасининг Шаосин университети қошидаги клиника шифохонаси мутахассисларидан иборат делегация туманга ташриф буюрди.
Бир ҳафта давомида туман тиббиёт муассасаларида аҳоли учун бепул тиббий кўриклар ўтказилиб, амалий маҳорат дарслари ташкил этилди. Жараёнларда маҳаллий шифокорлар ҳам фаол иштирок этиб, хорижий мутахассислар тажрибасини ўзлаштириш имкониятига эга бўлишди.

— Бир неча кун давомидаги кузатишларимиз натижасида бўғим касалликлари, бачадон касалликлари, гипертония, цереброваскуляр касалликлар, ёғли гепатоз ҳамда семириш каби хасталиклар нисбатан кўпроқ учраётганини аниқладик. Ушбу касалликларнинг келиб чиқиши, асосан, нотўғри овқатланиш одатлари ва камҳаракат турмуш тарзи билан боғлиқ, деб ҳисоблаймиз,— дейди анъанавий Хитой табобати бўйича бош мутахассис Веи Лилианг. — Анъанавий хитой тиббиёти назариясига кўра, мол ва қўй гўшти каби ёғли ҳамда «иссиқ табиат»даги маҳсулотларни ортиқча истеъмол қилиш ички намлик йиғилишига ёки жигарда ҳаддан ташқари ёғ тўпланишига олиб келиши мумкин. Бу эса гипертония ва цереброваскуляр касалликларга мойилликни оширади.
Шунингдек, овқатланиш одатлари маҳаллий аҳоли орасида семиришнинг кенг тарқалишига сабаб бўлиб, натижада таянч-ҳаракат тизимига ортиқча юк тушмоқда ва тизза бўғимлари касалликлари кўпроқ учрамоқда.
Сўнгги кунларда биз, аввало, бир қатор маҳаллий шифохоналар фаолияти билан танишдик. Асосий эътибор эса маҳаллий шифокорлар билан ҳамкорликда беморларга амалий ёрдам кўрсатишга қаратилди. Анъанавий хитой тиббиётида қўлланиладиган кузатиш, эшитиш, анамнез йиғиш ва палпация каби тўртта асосий диагностика усули орқали беморларга маслаҳатлар бердик, шунингдек, акупунктура амалиётини ҳам бажардик. Айниқса, акупунктура усулларимиз тез ва самарали таъсири сабабли маҳаллий беморлар томонидан илиқ қабул қилинмоқда.

Хитойлик мутахассислар Ўзбекистонда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини мамнуният билан қўллаб-қувватлашди. Улар ушбу ташаббусга қўшилиб, кўчат экиш маросимида ҳам иштирок этди. Шу тариқа туманда мўжазгина Хитой—Ўзбекистон дўстлик боғига асос солинди. — Умримда илк бор дарахт кўчатини экишим. Бундан жуда мамнунман, — дейди делегация аъзоси Линг Сяохуэй.

— Аввало, шу фурсатдан фойдаланиб, Шаосин университети ва унга қарашли шифохона раҳбарияти номидан мамлакатингизга амалий ташриф ва маҳорат алмашинуви имкониятини яратганингиз учун самимий миннатдорчилик билдираман. Шунингдек, делегациямиз номидан юқори савияда ташкил этилган дастурлар ва илиқ меҳмондўстлик учун тиббиёт соҳаси раҳбариятига ҳам чуқур миннатдорчилик изҳор этаман.
Қисқа вақт ичида биз ўзбек халқининг самимийлиги ва меҳмондўстлигини чин дилдан ҳис қилдик ҳамда анъанавий хитой тиббиёти усулларига бўлган ижобий муносабатдан жуда мамнун бўлдик. Тиббиёт чегара билмайди, билимнинг ҳақиқий қиймати эса уни баҳам кўришдадир.

Умид қиламизки, бу ҳамкорлик фақат бошланиш бўлиб, келгусида янада кенг қамровли, узоқ муддатли ва самарали алмашинувларга замин яратади. “Бир камар, бир йўл” ташаббуси доирасида анъанавий хитой тиббиёти маданиятининг Ўзбекистонда ривожланишига, аҳолига янада сифатли тиббий хизмат кўрсатилишига ва соғлиқни сақлаш соҳасининг юксалишига ҳисса қўшишни мақсад қилганмиз.