Бу инсон Хитойнинг сўнгги императори — Пу И эди. 1960-йилларга келиб, у Пекин ботаника боғида оддий ходим бўлиб ишлар, ўсимликларни суғорар ва кириш чипталарини сотарди. Унинг яна бир вазифаси хорижий меҳмонларни кутиб олиш эди. Меҳмонларга уни таништираётганда: «Бу зот — Жаноби Олийлари, Хитойнинг сўнгги императори бўладилар», дейишарди. Шунда Пу И ўрнидан туриб: «Йўқ, мен Хитой Халқ Республикасининг оддий ва фахрли фуқаросиман», деб жавоб қайтарарди.
Ҳар гал бу сўзларни эшитган хорижлик меҳмонлар ҳайратдан лол бўлиб қолишарди. Зеро, тарих давомида — хоҳ Хитойда бўлсин, хоҳ чет элда, хоҳ қадимда, хоҳ замонавий даврда — тахтдан ағдарилган қироллик оилалари одатда қатл этилган, сургун қилинган ёки мамлакатдан қувиб чиқарилган.
Бироқ, бутун бир сулоланинг сўнгги ҳукмдорини олиб, уни ботаника боғида маош эвазига чипта сотадиган оддий фуқарога айлантириш… Бундай воқелик дунёнинг бошқа ҳеч бир нуқтасида учрамайди.
Пу И — Цин сулоласининг сўнгги вакили бўлиб, у 1908 йилда, ҳали икки ёшлик гўдаклигида император деб эълон қилинган. Унинг ҳаёти ҳақида машҳур режиссёр Бернардо Бертолуччи томонидан олинган «Сўнгги император» (The Last Emperor) фильми дунёга машҳур.
Пу И 1967 йил 17 октябрда ўпка саратонидан вафот этган. Унинг жасади кремация қилиниб, хоки Бабаошан қабирстонига дафн этилган. Дафн маросими харажатларини Хитой Коммунистик партияси марказий Қўмитаси ўз зиммасига олган.
1995 йил январь ойида гонконглик тадбиркор Жанг Шийи таклифи билан Цин сулоласининг сўнгги императори Пу Ининг хоки Guangxu imperatori мақбараси яқинидаги хусусий қабристонга қайта дафн қилинган.
Пу И ҳаётдан кўз юмар экан, ўзини Гуансю императорининг қабри яқинига қўйишларини сўраган эди. У Гуансюни “асранди отам” деб атаган. Шу тариқа Пу Ининг сўнгги васияти амалга оширилган.