Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида

Ўзбекистонлик қадрдон дўстлар! 1 сентябрь – Ўзбекистонда мамлакат мустақиллигининг 31 йиллик санаси нишонланади. Орадан ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон давлат қурилишида мисли кўрилмаган муваффақиятларни қўлга киритди ва улкан салоҳиятли мамлакат сифатида тан олинмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев лавозимига киришганидан буён мамлакатда кенг миқёсли ислоҳотлар бошланди. Давлат бошқаруви тузилмасини оптималлаштириш, миллий иқтисодиётни модернизациялаш, бизнесни либераллаштириш ва хорижий сармояларни жалб этиш бўйича комплекс қадамлар ташланмоқда. Буларнинг барчаси эпидемия оқибатларини муваффақиятли бартараф этиш ва иқтисодиёт ўсишининг ижобий жиҳатларини сақлаб қолиш учун мустаҳкам асос яратди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон очиқ, прагматик ва конструктив сиёсатни амалга ошириб, барча шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик олиб бормоқда. Минтақавий ва халқаро ишларда фаол иштирок этар экан, Ўзбекистон халқаро кун тартиби бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурдики, бу жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилди.

Энди Ўзбекистон 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт Стратегиясини амалга ошириш бўйича аниқ чораларни қўллаган ҳолда одамлар фаровонлиги учун «Янги Ўзбекистон» деб аталмиш давлатни қуриш йўлидан ишонч билан бормоқда.

Қадрли дўстлар, тез орада Ўзбекистон раислигида Самарқанд шаҳрида муҳим тадбир – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари Кенгашининг 22-мажлиси ўтказилади. Ўзбекистон ШҲТ даги раисликка катта аҳамият қаратиб, ташкилот доирасидаги ҳамкорликни олға суриш борасида улкан ишларга қўл урди. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида мазкур саммит тўлиқ муваффақият билан ўтказилишига ва ШҲТни ривожлантиришда ўчмас из қолдиришига ишончим комил.

Ўзбекистонлик барча дўстларимизни Мустақиллик куни билан яна бир бор табриклайман. Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлидаги барча белгиланган режаларини уддалашига, тинчлик, уйғунлик ва фаровонлик ҳукм сурадиган қудратли, фаровон давлатга айланишига тилакдошман!

Цзян Ян, ХХРнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси.

Фото: «Dunyo».