2020 йил 24 июнь куни Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари иштирокида Сичуан провинцияси Ташқи ишлар канцелярияси билан музокаралар ўтказилди. Бу ҳақда «Янги Ўзбекистон» хабар берди.
Музокаралар кун тартибидаги асосий мавзулар Сичуаннинг республикамиз вилоятлари ва Тошкент шаҳри билан туризм, савдо-иқтисодий, инвестицион ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари бўлди.
Видеоконференция чоғида туристик алмашинув масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
2020 йилда “Zhejiang Loong Airlines” авиакомпаниясининг “Чэнду-Тошкент-Чэнду” йўналишида тўғридан-тўғри рейснинг очилиши туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ва хитойлик сайёҳлар оқимини ошириш учун яхши замин яратгани, шунингдек, хитойлик ишбилармонларга Ўзбекистон ва ХХР ўртасида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирадиган хитойлик тадбиркорларга янги имкониятларни очгани таъкидланди.
Бундан ташқари, таълим соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди, Ўзбекистонда Сичуан университетининг филиалини очиш масаласини биргаликда ўрганишга қизиқиш билдирилди.
Хитой томон 2020 йилнинг январь ойида Чэндудан Тошкентга биринчи чартер рейс билан Сичуан провинцияси ОАВ ва туроператорларининг ташрифи ташкил этилгани учун миннатдорчилик билдирди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон шаҳарлари ва Сичуан провинциясининг сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, Сичуан университети делегациясининг яқин келажакда Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олинди.