Мен билмаган Хитой харитаси

Йўл очерки

Хитой сафарининг илк кунида мени ҳаяжон босди. «Тошкент– Урумчи» йўналишидаги самолётга чиқарканман беихтиёр Ватан ҳақидаги тасаввурларим кенгайгандек бўлди.

Азиз Ватаним харитасини буюк Хитой мамлакати билан улуғвор Помир, Тяншань тоғларигина ажратиб туради. Бироқ географик адабиётларда Хитойнинг Қошғар вилояти Шарқий Туркистон ҳудудига кирганлиги қайд этилади.  ХIХ асрда Қўқон хонлиги айнан шу вилоятда улкан давлат тузишга эришади.  Тарих саҳифаларида  Чин ўлкасида (Шарқий Хитой) донишмандлик илми кенг ривожланганлиги битилган.

Ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) «Фарзандларингизни Чин-Мочинда бўлса ҳам ўқитинг» дея марҳамат қилганларида дунё илмларининг ибтидоси шу давлатда равнақ топганига ишора қилган бўлсалар керак. Сўнгроқ бадиий адабиётлардаги образлар, хусусан буюк мутаффаккир Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонидаги Фарҳод Чин мамлакатининг фарзанди бўлганлиги шоир наздида шунчаки адабий таҳмин эмас, балки ҳақиқат ишораси билан тасдиқланган тадқиқот эмасмикин?! Дарҳақиқат,  асарда айнан    Фарҳоднинг яратувчанлик қобилияти ва қудрати намоён этилади ва достоннинг иккинчи номи “Меҳнатнома” деб юритилиши ҳам бежизга эмас. Жумладан, унга берилган таърифда  шундай дейилади: “Темирчидан бир асбоб олиб, жамики теша ва метинларни оловга солди, улардан ўзига катта теша ясади. Фарҳод катта тошларни ҳудди қумни қазигандек ота бошлади…. Арман ўлкасига тоғлар оша сув келди.”

Бугунги кунда ҳам Хитойнинг бу хислати  дунё мамлакатлари билан бир қаторда Ўзбекистон давлати билан  турли соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаб, бунёдкорлик, яратувчанлик ишларини амалга оширишида муҳим воситадир.  2016 йилда  Ангрен-Поп электрлаштирилган  темир йўл тармоғининг фойдаланишга топширилиши юртимизда катта шодиёнага айланган. Ўзбек ва Хитой иқтисодий ҳамкорлигининг жонли  мисоли бўлган  19.2 км  масофадаги Қамчиқ туннели қурилиш ва пардозлаш ишларини  Хитой давлатининг  “China railway tunnel group” компанияси амалга оширган.  

Самолётимиз Урумчи шаҳрига қўниб, у ердан “Урумчи-Пекин” рейси билан учиб кетарканмиз, бу кўҳна мамлакатнинг географик жойлашуви ҳақидаги маълумотлар билан батафсил танишиб кетдик.

Хитой Халқ Республикаси дунёда  аҳолиси  энг кўп ва майдони жиҳатдан  энг йирик давлатлардан бири саналади. Бу давлатда 56 миллат вакиллари яшайди. 14 та давлатлар билан чегарадош  бўлиб,  майдони жиҳатдан Канада ва ва Россиядан   кейин  3-ўринда  туради.  Маъмурий жиҳатдан  23 провинсия, 5 та автоном район ва  марказга  бўйсунувчи  4 шаҳар (Пекин, Шанхай, Тюндзин, Чунсин) га бўлинади.

Тинч океанининг Сариқ, Шарқий ва Жанубий Хитой денгизлари билан ўралганлиги учун денгиз маҳсулотларидан тайёрланган таомлар кўп истеъмол қилинади.  Жумладан, саккизоёқ, қисқичбақа, криветка, малюска, денгиз ўтлари… Минг бора эшитгандан кўра, бир марта кўрган афзал, деганларидек,  бу қадим мамлакат шаҳарларида бўлиб, аҳолининг маиший-маданий турмуш тарзи, иқтисодий ўсиш жараёнлари билан танишганимиздан сўнг  тасаввурларимиз янада бойиди.

2018 йил 1-20 сентябрь кунлари  Хитойда Шанхай ҳамкорлик ташкилотида аъзо (ШҲТ) давлатлар ОАВларининг вакиллари учун ўқув-семинари ташкил этилди. Унда Ўзбекистон, Белорусия, Қирғизистон, Тожикистон двлатларидан келган делегация вакиллари иштирок этдилар.

Уларнинг сафида мен ва Фарғона вилоятининг яна бир вакиласи  Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети талабаси Наргиза Мадаминова ҳам  бор эди.

Бу  сафар менга касбий билимларимни мустаҳкамлаш билан бир қаторда бу ўлканинг ўзига хос  мўъжизаларидан баҳра олишим учун катта имконият бўлди.  Пекинга самолётимиз қўнгач, Надя  (асл исми Дяо Сыхань) исмли таржимон қиз бизни кутиб олди. Манзилимизга етгунча йўл-йўлакай давлатнинг табиати ва ўзига хос шаҳар архитектураси ҳақида қизиқ маълумотларни сўзлаб берди.

Бу орада бир манзарага кўзим тушиб, ҳамроҳларимдан қувончимни яширолмадим. Қўшиқларда ошиққа қиёс этилган мажнунтоллар  йўл четида тизилиб турардилар. Улар менга водийнинг хушманзара табиатини эслатиб юборди.

Йўллар анча кенг, аҳолининг асосий қисми велосипед ҳамда мотоцикл ҳайдаганлиги учун уларга алоҳида йўлаклар ташкил этилган. Қатнов жараёнида автомобилларга ҳеч қандай ноқулайлик туғдирмайди.  Йўл ўртасида гуллар барқ уриб очилиб ётибди.  Кўп қаватли бинолар  кўкка бўй чўзган.

Ниҳоят  “Юй Лун”  меҳмонхонасига  етиб келдик ва  ҳар биримиз алоҳида хоналарга жойлашдик. Хитой Халқ Республикасининг бошқармаси  қошидаги  чет тилларидаги адабиётларни нашр қилиш ва тарқатиш бўйича  ўқув маркази вакилларидан иборат гуруҳ аъъзолари бўлган ташкилотчилар семинар дастурлари билан таништиришди. Машғулотлар бир-биридан қизиқарли, шу билан бирга, боришимиз белгиланган  маданият муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналари ҳам нафақат мамлакатнинг ўзида балки  кўплаб  давлатлар эътиборидаги масканлар саналаркан.

Хитойнинг халқаро  нашриёт  корпорацияси 7 та нашриёт,  5 та журнал,  “Хитой” сайти, оммавий ахборот воситалари ва ўқув марказлари сингари йўналишларни қамраб олган. Бу ерда 3 мингга яқин ходим ишлайди. Семинар дастурига кўра,  электрон ва босма нашрлар фаолияти билан яқиндан танишдик. Жумладан, халқаро хитой радиоси дунё бўйлаб 65 тилда эшиттиришларни олиб боради.  Ҳозирги кунда радионинг  турли давлатларда  32  нафар мухбирлари  мавжуд бўлиб, дунё бўйлаб қизиқарли ва долзарб мавзуларда эшиттиришлар тайёрланади. Пекиндаги ШҲТ котибияти, Пекин шаҳарсозлик  идорасининг кўргазма зали, “Синьхуа”  ахборот агентлигига ташриф ҳам барчага манзур бўлди.

Хитой марказий телевидениесига 1958 йилда асос солинган. Унинг таркибига 42 та телеканал ва 529 дастурлар киритилган..  Хитой илм-фан ва техника музейи, автомабиль ишлаб чиқарадиган “Beijing Motor Co, LTD” компаниясига, Го Цзы Цзянь коллежига бордик. Хитой халқаро корпорациясига қарашли “China Pictorial” журнали 68 йилдан буён фаолият юритади.  Ички ва ПМИташқи туризмни ривожлантириш, миллий ва моддий маданий меросларни тарғиб қилишда муҳим ўрин тутадиган ушбу журнал Хитойнинг гўзал жойларини рангли тасвирларда ва қисқа сатрларда  ифода этади. Журнални ўқиб бориш орқали давлатнинг маданияти ва санъати билан яқиндан танишиш мумкин. Ҳозирда журналнинг 100 га яқин давлатларда ўқувчилари бор. Бугунги кунда хитой, инглиз, корейс тиллари сингари 9 та тилда нашр этилади ва веб сайтлари фаолият юритади.

Учрашувлар давомида радио ва телевидение таҳририятларида давра суҳбатлари ўтказилди. Суҳбат жараёнида ҳамкасблар фаолияти билан яқиндан танишиб, муҳим маълумотларга эга бўлдик. Ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва  фаолият юритишга келишиб олинди.

Жойларга   бир неча кунлик ташрифдан сўнг, биз истиқомат қилаётган меҳмонхонанинг конференция залида семинарлар ўтказилди. Ўқув машғулотлари давомида  “Хитой ҳақида”, “Хитой тилини ўрганамиз”, “Бир макон – бир йўл Хитой”,  “Хитойнинг Ўрта Осиё билан  ҳамкорлиги”, “Хитой орзуси  ва   ижтимоий хусусиятлари” мавзуларида Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институтлари илмий ҳамкори  Чжан Хун, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари Ван Юйянь, Чжан Дунмэй томонидан маърузалар тингланди. Шуниси қизиқарлики,  берилган маълумотларга кўра,  Хитой аҳолисининг 85 фоизини  якка  тартибдаги тадбиркорлар ташкил этади. Хитой Халқ Республикасининг Раиси Си Цзиньпин ўз вақтида Евроосиё мамлакатларини ҳамкорликка чақириб, 5 та  йўналиш – сиёсий ҳамкорлик ишлаб чиқаришдаги ҳамжиҳатлик савдо-сотиқни ривожлантириш, пул муомаласининг эркин ҳаракати, халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга қаратилган  “Бир макон – бир йўл” яъни Ипак йўлининг иқтисодий маконини тузиш тамойилини илгари суради. Натижада, тамойил асосида мамлакат 20 та  дунё давлатларида  56 та иқтисодий зоналар ташкил қилади.   Умумий инвестиция миқдори 18,5 млрд долларга етади ва 180 мингдан зиёд иш ўринлари яратилади. Бу жиҳатлар Хитойнинг нафақат давлатлар ўртасида сиёсий-иқтисодий ҳамкорлигини балки туризмини ривожлантиришда ҳам муҳим ўрин тутади.