Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университетида халқаро журналистика факультети ташаббуси билан “Онлайн журналистиканинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унинг ишида қатнашиб “Хитой: газета ва онлайн журналистика уйғунлиги” мавзуида маъруза қилдим. Конференцияда Индонезия, Қозоғистон, Корея Республикаси ва Ўзбекистоннинг бир неча олий ўқув юртлари олим-мутахассислари, интернет сайт рахбарлари, амалиётчи журналистлар иштирок этишди. Маърузалар тўплам холда чоп этилди. Унга, менинг докладим ҳам киритилди.
Қуйида Сизнинг эътиборингизга ўша маъруза матнини тақдим қилмоқчиман.
Хитой дунё медиамаконидаги энг йирик ва мукаммал ахборот тарқатувчи тизимни яратишга эришди.
Аслида, Хитойда босма нашрлар тарихи узоқ эмас. Мамлакатдаги сиёсий тузум ва инқилобий ўзгаришлар уларнинг бардавомлигига йўл қўймаган. Масалан, бугунги кунда энг узоқ тарихга эга газеталарнинг бири “Синхуа Жибао” 1937 йилда илк бор нашр қилинган. У узоқ давом этган Япон –Хитой ва иккинчи жахон урушларидан эсон-омон ўтиб 1949 йилда Хитой компартиясининг расмий нашрларидан бири деб тан олинди ва хозирги кунгача оммавий адад (2 млн. нусха)да чоп этилиб келинмоқда. Мао Цзэдун асос солган, унинг ўзи газета номини қўйган ва Хитойнинг қадимий пойтахтларидан бири бўлган Нанкин шаҳрида босилаётган газета 1937 йилдаги 8 кишилик тахририятдан бугун 3 минг ходимга эга “XINHUA DALIY MEDIA GROUP” корпорациясига айланган. Унинг таркибида 14 та газета, 8 та журнал, 4 та интернет сайт, бош нашр-“Синхуа Жибао” газетасининг электрон нусхаси, телефон учун ихтисослашган “мобилсайт”и мавжуд.
Хитой ОАВларининг мавжуд тажрибаси газетани онлайн журналистикадан ажратмайди, бир-бирига қарма-қарши қўймайди, аксинча уйғунлаштиради.
“Синхуа Жибао” ҳар куни икки марта: эрталаб ва куннинг иккинчи ярмида чоп этилади. Ахборот тезкорлиги жихатидан электрон ОАВлардан ортда қолсада, тахлил, маълумотларни таққослаш, хулосалар чиқариш имкони юқори. Газетанинг адади 60 миллион аҳолиси бўлган прованция учун 2 миллион нусхада экани (деярли хар 30 фуқарога 1 дона) ўқувчининг босма нашрга ишончини кўрсатади.
Ўзбекистонда 32 млн. аҳоли бор. 1 млн. тиражли газета борми?
Маълумки газета дизайни ва кўриниши асл холатда қолади. Воқеликнинг давоми, унга муносабат ҳақида эса ўқувчи фақат унинг келгуси, кечки ёки эрталабки сонидан хабар топади. Бундай ахвол матбуот ташкилотчиларини қониқтирмади ва улар дастлаб газетанинг электрон кўринишини яратдилар. Лекин бу янги ОАВ эмас, электрон нусха эди холос. Тўғри компьютер имкониятидан келиб чиқиб электрон нусҳада дизайн яратдилар, мақола ва хабарларни бўрттириб кўрсатиш, график безаклар қўлладилар. Лекин энг асосийси – матнни ўзгартириш мумкин эмасди. Шунда газетанинг ОАВ мақомидаги нусхасига асос солинди. Энди хозиргина рўй берган ва бу ҳақда газетанинг эрталаб ёки кечки сонида берилган ҳабар тўлдирилиши ёки хатто ўзгартирилиши мумкин эди. Воқелик ривожини янги тафсилотлар, фото, видеотасвир ва овоз билан бойитиб ёритиш имконига эга бўлдилар. Бунда “электрон нашр” босма нашр ахборотига таянади, эслатади ва шу йўл билан газетани тарғиб қилади, унинг ишончли манбаа бўлиб қолишига хизмат қилади.
Бундай ўзгаришлар уч холатда амалга оширилмоқда:
- Янги ахборот тайёрлигига қараб.
- Куннинг белгиланган соатларига қараб.
- Бошқа ахборот агентликлари ёки мухбирлардан холат ҳақидаги янги маълумот келганида.
Шундай қилиб, Хитойда газета онлайн-журналистикани ўзининг давомчисига айлантира олди. Бунинг учун улар мавзулар бўйича газетада эълон қилинган мақолалар тарихи, тахламини яратди. Ўқувчи бир тугмани босганида ўзи истаган мавзудаги газтета босилган мақола, ахборот, муаллифлар нуқтаи-назарини таққослаш, тахлил қилиш ва хулоса чиқариш имконига эга бўлади.
“Синхуа Жибао”нинг электрон шаклдаги ахборот воситаси яратилиши билан ўқувчи “интерфаол фойдаланувчи”га айланди. Яъни, энди у бирон ахборот, рақам, воқеа иштирокчиси ва х.к ҳақида:
а) тахририят билан мулоқот қилиш, саволлар бериш, қўшимча маълумот олиш, муносабат билдириш имконига эга бўлди;
б) ахборот ёки воқелик ҳақида электрон восита сахифасида жамият аъзолари билан фикр алмашиш, мунозарага киришиш имконияти яратилди;
в) газета ўқувчиси мамлакат ҳаётида рўй бераётган глобал воқеликлар, у ёки бу ахборот мазмуни, шунингдек, ижодий жамоа фаолияти ҳақидаги онлайн сўров респондентлари сафига қўшилди;
г) ахборот, тарқатувчисига (поделится орқали) айланди.
Газетанинг электрон ахборот воситаси нусхаси яратилиши ахборотнинг ишончлилигини мустахкамлади. Энди ахборот истеъмолчиси ўқийди, воқелик тасвирини кўради, иштирокчилар овозини эшитади. Техник имкониятларнинг бундай уйғунлиги инсон онгига ахборот ишончлилигининг юксак даражасини акс эттирувчи сигналларни мухрлайди. Хитой психологларининг тадқиқоти шуни кўрсатганки, тасвирли ва овозли ахборот қисқа бўлганидагина таъсирли бўлади. Шунинг учун онлайн журналистика ахборотида тафсилотни босма нашрлардан топиш мумкинлигига ишора қилинади. Ва оқибатда истеъмолчи беихтиёр яна газетага қайтади.
“Синхуа Жибао” мисолида шуни айтиш мумкинки, умуман хитой босма нашрларида ахборотни мавзуларга қараб сахифалаш, жамлаш одатга кирган. Бунинг сабабларидан бири онлайн журналистика ривожи билан боғлиқ. Интернет фойдаланувчига унинг ихтиёри билан рукнларга жамланган мақолаларни, масалан, жамият, сиёсат, спорт, ва х.к ларни бир лаҳзада тақдим эта олади. Яъни фойдаланувчи “интернет газета”ни сахифалаб ўтирмайди. Бу имконият босма нашрга ҳам ўз таъсирини ўтказди.
“Синхуа Жибао”, XINHUA DALIY MEDIA GROUP ва Хитойнинг бошқа медиакоррпорацияларидаги ижодий уйғунлашув дунё журналистикасида ахборот излаш, қайта ишлаш ва тарқатишнинг янги, ўзига хос, муқобил йўлагини ярата олди, дейиш мумкин.
Муҳаммаджон Обидов