“Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романлари хитой тилига таржима қилинди

Адиб таваллудининг 130 йиллиги арафасида унинг “Меҳробдан чаён” ва “Ўткан кунлар” романлари хитой тилига таржима қилиниб, нашр этилди.

Тошкент давлат шарқшунослик университетида мазкур асарлар тақдимотига бағишланган ижодий кеча бўлиб ўтди. 

Тадбирда Тошкент давлат шарқшунослик университети профессор ўқитувчилари, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь, Aбдулла Қодирий уй-музейи директори Хондамир Қодирий, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, Aбдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ходимлари, тадқиқотчилар ва талабалар иштирок этди.

Сурат: UzA.uz

ТДШУ ректори профессор Гулчеҳра Рихсиева сўнгги йилларда Қодирий асарлари таржимаси анча жонланганини қайд этди. Хусусан, адибнинг асарлари муаллифнинг ҳаётлик чоғларидаёқ хорижий тилларга ўгирила бошланган. Масалан, “Ўткан кунлар” романи Озарбайжон тилида 1928 йилда, “Меҳробдан чаён” романи тожик тилида 1935 йилда чоп этилган. Бундан ташқари ёзувчининг асарлари  рус, қозоқ, уйғур, татар, араб, итальян, инглиз тилларига ҳам таржима қилинган.

Мазкур икки машҳур романлар ўз соҳасининг етук мутахассислари – Сичуан чет тиллар университети профессори, филология фанлари доктори Ди Сияося ҳамда Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги Конфуций номидаги Ўзбекистон-Хитой институти директори, филология фанлари доктори, профессор Саодат Носирова томонидан  хитой тилига таржима қилинди. Китоблар Хитой Халқ Республикасининг Ижтимоий фанлар нашриёти томонидан катта тиражда нашр этилди.

Самимий руҳда кечган йиғинда бугунги кунда таржиманинг долзарблиги, икки мамлакатнинг дўстона алоқаларидаги аҳамияти, таржима жараёни билан боғлиқ мураккабликлар ҳақида тўхталиб ўтилди. Бу асарлар халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилиб, хитойлик китобхонларнинг ўзбек адабиёти орқали ўзбек миллати, унинг бой тарихи, маданияти билан янада яқинроқ танишишига имкон беради.