Лунцзин — ўтмиш ва замонавий тараққиёт уйғунлашган қишлоқ

Хитойнинг Гуйчжоу провинцияси, Гуйян шаҳрининг Хуаси туманидаги сўлим табиатли ҳудудида, кичик аммо ўзига хос қишлоқ — Лунцзин жойлашган. Қишлоқ аввало буйи халқи маданияти, анъаналари, миллий меъморчилиги ва қишлоқ туризмини ривожлантириш борасидаги тажрибаси билан танилган.

Қишлоқ аҳолисининг қарийб 98 фоизини буйи халқи вакиллари ташкил этади. Шу боис бу ерда миллий урф-одатлар ва анъанавий турмуш тарзи яхши сақланган. Қишлоқ кўчалари бўйлаб юрар экансиз, анъанавий услубда қурилган уйлар, кичик майдонлар, кўп йиллик дарахтларга кўзингиз тушади.

photo_2026-10-05_01-02-15
photo_2026-10-05_01-02-19
photo_2026-10-05_01-02-22
photo_2026-10-05_01-22-03 (2)
photo_2026-10-05_01-22-04 (2)
photo_2026-10-05_01-22-03
photo_2026-10-05_01-22-04
photo_2026-10-05_01-22-05

Бундан ўн йилча аввал Лунцзинда қишлоқ туризми бугунгидек ривожланмаган эди. Аммо кейинги йилларда маҳаллий маданиятни асраш ва сайёҳликни тараққий эттиришга қаратилган ишлар бу ердаги ҳаётга ҳам ўзгариш киритди. Қишлоққа сайёҳлар кела бошлади, ресторанлар, маданий устахоналар, меҳмон уйлари ва бошқа хизмат кўрсатиш масканлари пайдо бўлди.

Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, 2025 йилда Лунцзинга 230 мингдан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган. Туризмдан тушган умумий даромад қарийб 17 миллион юанни ташкил этган. Бу рақамлар маданият нафақат маънавий мерос, балки қишлоқ иқтисодиётининг ҳам муҳим манбаига айланганини кўрсатади.

Лунцзин тажрибасининг қизиқарли жиҳати шундаки, бу ерда қишлоқ туризми фақат табиат манзаралари асосида ривожлантирилмаган. Сайёҳлик жозибасининг асосини қишлоқнинг ўзига хос маданияти ташкил этади. Меҳмонлар бу ерда буйи халқининг анъанавий кийимлари, халқ мусиқаси ва рақслари, миллий таомлари, ҳунармандчилиги ҳамда урф-одатлари билан танишиши мумкин.

2026 йилда қишлоқда маданий тадбирларни сайёҳларнинг узоқроқ қолиб ҳордиқ чиқариши билан бирлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мақсад — сайёҳларнинг қишлоқда қисқа муддат бўлиши билан чекланиб қолмаслик. Уларга меҳмон уйлари ёки маҳаллий хонадонларда яшаш, миллий таомларни татиб кўриш, маданий тадбирларда қатнашиш ва қишлоқ аҳолисининг кундалик ҳаёти билан яқиндан танишиш имкониятини яратиш кўзда тутилмоқда.

Шу тариқа, Лунцзинда маданий меросни мустақил туристик маҳсулотга айлантиришга интилиш кузатилади. Бу ёндашув маҳаллий анъаналарни асраш билан бирга, аҳоли учун янги даромад манбаларини ҳам яратмоқда.

Хуаси туманида қишлоқ туризмининг яна бир йўналиши — Гаопо-Мяо миллий волости. Гаопо Гуйян шаҳрининг энг баланд ҳудудларидан бири ҳисобланади.Унинг ўртача баландлиги денгиз сатҳидан қарийб 1 500 метр, энг баланд Хуаси бўйлаб саёҳат сайёҳ учун жуда қизиқарли таассуротлар бериши мумкин. Чунки, нисбатан кичик ҳудуднинг ўзида турли этник халқларнинг маданияти, табиий ланшафтлар ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришнинг турли моделлари билан танишиш мумкин.

Лунцзиннинг ўзига хослиги шундаки, у катта шаҳарга ўхшашга интилмайди. Аксинча, унинг энг катта бойлиги — сунъий равишда яратиб бўлмайдиган тарихи, маданияти, анъаналари ва одамларидир.

Қишлоқдаги маданий тадбирларда миллий либослар, мусиқа ва рақслар намойиш этилганда бир ҳақиқат янада яққол намоён бўлади: Лунцзин шунчаки сайёҳлик маскани эмас. Бу ўтмиш ва бугун ёнма-ён яшаётган, миллий мерос замонавий тараққиёт билан уйғунлашган қишлоқдир.

Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов,
Муқимжон Қодиров.