Истиқлол йилларида Ўзбекистон халқаро майдонда тинчлик ва ҳамкорликка асосланган прогрессив ташқи сиёсат юритиб келмоқда. Қисқа давр ичида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, уни халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектига айлантириш борасида кўплаб муҳим ишлар амалга оширилди. Айниқса, Ўзбекистоннинг минтақада ва дунёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, жуғрофий жойлашуви ва мафкурасидан қатъи назар, барча мамлакатлар билан очиқ, дўстона ва прагматик ташқи сиёсати унинг жаҳонда мустақил давлат сифатида тезда эътироф этилишини таъминлади.
Халқаро муносабатларда ҳозирги мураккаб шароитда мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувини янада чуқурлаштириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош мақсади ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, жорий йилнинг бошида мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва алоҳида фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида бу борада олдимизда турган қатор долзарб вазифалар белгилаб берилган. Бунинг учун халқаро ва минтақавий ташкилотлар, ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар билан икки томонлама ва кўп томонлама алоқаларни янада ривожлантириш мақсадга мувофиқлиги Ҳаракатлар стратегиясида алоҳида қайд этилган.
Шу маънода Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига (ХХР) давлат ташрифи биз учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини Хитой Халқ Республикаси биринчилардан бўлиб эътироф этиб, дипломатик муносабатлар ўрнатган мамлакат ҳисобланади. Қолаверса, халқларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатлар тарихи минг йилликларга бориб тақалади. Жумладан, қадимги “Буюк ипак йўли” асрлар давомида минтақа халқларининг ўзаро савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларида муҳим роль ўйнагани барчамизга маълум.
Ушбу мамлакат ҳозирда дунё сиёсат майдонида ўз ўрни ва овозига эга бўлиб, ҳеч бир муболағасиз, дунёдаги ривожланган давлатлардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда дунёдаги барча глобал муаммолар ечимида ушбу мамлакат иштирок этмоқда. Катта нуфузга эга бўлган Хитой иқтисодий юксалиш ва ялпи ижтимоий маҳсулот ҳажми бўйича жаҳонда етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келмоқда. Ана шундай қудратли давлат билан муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш Ўзбекистон халқининг туб миллий манфаатларига тўлиқ мос келади. Бугунги кунда Ўзбекистон — Хитой ҳамкорлик муносабатлари кенг кўламли аҳамият касб этиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Шу пайтга қадар ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси барпо этилган бўлиб, бу борада, айниқса, 2005 йилда имзоланган Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари тўғрисидаги шартнома, 2010 йилдаги Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатларини ҳар томонлама чуқурлаштириш ва ривожлантириш тўғрисидаги Қўшма декларация, 2012 йилдаги Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма декларация, 2013 йилдаги Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги Қўшма декларация, 2014-2018 йилларга мўлжалланган Стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш дастури ҳамда 2016 йилда имзоланган Қўшма баёнот каби ҳужжатларни алоҳида келтириб ўтиш мумкин. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар ўрта ва узоқ муддатли истиқболда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Пекин шаҳрида Президентимиз Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросимида ХХР Раиси Си Цзиньпин Ўзбекистон раҳбарини Хитой заминида қутлар экан, Хитой—Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг юксалиш динамикасига юксак баҳо бериб, ушбу муносабатлар янги даврда сифат жиҳатдан янги босқичга қадам қўяётганини таъкидлади.
Хитой бугунги кунда Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлиб, иқтисодиётимизга энг кўп инвестиция киритган ва киритаётган давлат ҳисобланади. Юртимизда ушбу мамлакат капитали иштирокидаги 700 дан зиёд компания ва корхона фаолият кўрсатаётганлиги, ўтган давр мобайнида хитойлик сармоядорлар Ўзбекистон иқтисодиётига қарийб 8 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритганлиги ҳам икки томонлама муносабатларнинг салмоғи нечоғлик юқори эканлигидан далолат беради.
Президентимизнинг Хитой Халқ Республикасига илк давлат ташрифи жуда самарали бўлганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Олий даражадаги учрашув ва музокараларда икки томонлама иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди ва бу борада бир қатор янги шартномалар имзоланди. Имзоланган аҳдлашувлар орасида, айниқса, Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги Қўшма баёнот, ҳукуматлараро техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги, Халқаро автомобиль қатнови тўғрисидаги битимлар, умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасини асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга доир лойиҳаларни молиялаштириш тўғрисидаги ҳукуматлараро ноталар алмашинуви ҳамда ветеринария ва ўсимликлар инспекцияси карантини соҳасида Англашув меморандуми, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантириш бўйича Англашув меморандуми, қишлоқ хўжалиги соҳасида 2018-2020 йилларга мўлжалланган идоралараро алмашинув ҳамкорлик режаси каби муҳим ҳужжатларни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин.
Умуман, ташриф давомида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро даражадаги 100 дан зиёд турли ҳужжатларнинг имзоланиши, шунингдек, умумий қиймати 23 миллиард АҚШ долларидан зиёд салмоқли лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилиши Президентимизнинг ташрифи жуда самарали ўтганлигидан далолат беради.
Шу билан бирга, Президентимиз Хитойга ташрифи доирасида Пекин шаҳрида бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” форумида ҳам иштирок этганлигини алоҳида қайд этиш зарур. Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ташаббуси билан ташкил қилинган ушбу нуфузли анжуманда 30 га яқин мамлакатдан давлат ва ҳукумат раҳбарлари, БМТ Бош котиби, Жаҳон банки президенти ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам қатнашдилар.
Анжуманда Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, мазкур форумнинг аҳамияти, уни такомиллаштириш ва ривожлантириш масалалари ҳақида тўхталди ва “Бир макон, бир йўл” ҳар бир давлатнинг ўз имкониятларидан тўла фойдаланиш, иқтисодий жиҳатдан бир-бирини тўлдириш, савдо ва инвестицияларни рағбатлантириш, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш учун кенг йўл очишини алоҳида таъкидлади.
“Биз табиий, ишлаб чиқариш ва инсон ресурсларига ғоят бой бўлган минтақамизда транспорт, савдо, инвестиция, энергетика ва юксак технологиялар соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутамиз. Иккинчи муҳим масала – Марказий Осиёни Хитой ва Россия орқали Жанубий, Жанубий-Шарқий Осиё ва Европа мамлакатлари бозорлари билан боғлайдиган транспорт-логистика йўналишларини очиш бўйича ҳамкорлик юзасидан комплекс ҳаракатлар дастури ишлаб чиқишдан иборатдир”, деб таъкидлади Президентимиз.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон томонидан “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг кенг қўллаб-қувватлангани бежиз эмас, албатта. Тарихда беқиёс аҳамият касб этган, давлатлар ва қитъалар ўртасида савдо-сотиқ алоқаларини кенг йўлга қўйишга хизмат қилган, шунингдек, маданий қадриятларнинг ривожланишида муҳим восита вазифасини бажарган ва шу тариқа цивилизациялараро мулоқот учун муҳим замин яратган машҳур “Буюк ипак йўли”нинг замонавий кўринишда қайта тикланиши деб баҳоланаётган “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, савдо ва инвестиция соҳаларида қулай шароитлар яратиш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим, маданият каби соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хитой Халқ Республикасига амалга оширган ниҳоятда самарали давлат ташрифи, ушбу мамлакат ҳукумати ва ишбилармон доиралари билан олиб борилган мулоқотлар ва имзоланган икки давлат ўртасидаги расмий ҳужжатлар, “Бир макон, бир йўл” форуми доирасидаги кенг кўламли фикр алмашинувлар келажакда икки мамлакат ўртасида узоқни кўзлаб олиб борилаётган ўзаро ишончли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга, пировардида эса минтақамизда ва курраи заминимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси