Хитой қашшоқлик балосидан қутулганини эълон қилди

Инсоният яралибдики, мудом қашшоқлик билан курашиб келади, бироқ сайёрамизда ҳануз бу бўшлиқни тўлдира олганимиз йўқ.

Дарҳақиқат, камбағалликни бутунлай енгиш осон иш эмас. Бунга турли йилларда жуда кўп бор уринишлар бўлган. Бинобарин, шу ҳафта ўрталарида Хитой қашшоқлик балосидан қутулганини эълон қилди. Албатта, аҳоли сонига кўра дунёда етакчи ҳисобланган давлатнинг мазкур баёноти олам аҳлини ҳушёр торттириб, таҳлилчиларни мулоҳазага ундади. Бизнингча, ушбу масала бўйича ҳали анча-мунча баҳс-мунозаралар кечиши тайин. Нима бўлганда ҳам “Айтилган гап – отилган ўқ”, дейишади. Бошқа томондан эса айни фактга дахлдор фикрлар бугун ёки кеча гапирила бошлагани йўқ, яъни ушбу эътироф ортида етарли ва ишончли асослар бор. Қолаверса, Хитойнинг муваффақиятини нуфузли мамлакатлар, давлат арбоблари, ташкилот, тузилмалар, таниқли мутахассислар ҳам тан олишмоқда. Қуйидаги мулоҳазаларимиз шу мавзу атрофида.

Жаҳон матбуоти ёзишича, Хитой Бирлашган Миллатлар ташкилотининг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари Кун тартибига қўйилган масалани белгиланган муддатдан қарийб 10 йил олдин ҳал этди – мутлақ қашшоқликни енгди. Бу маълумотни ХХР раиси Си Цзиньпин 25 февраль куни бўлиб ўтган танатанали йиғилишда шахсан эълон қилди. Ишончли фактларга таянилган ҳолда сўнгги 8 йил ичида 100 миллион хитойлик камбағалликдан қутулгани айтиляпти. Кениялик халқаро муносабатлар бўйича эксперт Кавенс Адехилл бежиз таъкидламади: қашшоқликдан чиқиш Хитой тарихидаги энг ҳаяжонли, таъсирли саҳифалардан бири.

Чин юртида ер юзи аҳолисининг 20 фоизи яшайди, бу нисбат нуқтаи назаридан кичкина рақам эмас. Шунинг учун ҳам Хитойнинг камбағалликка қарши курашдаги ғалабаси нафақат бир мамлакат, балки бутун инсониятнинг ютуғи, десак ҳеч бир муболаға бўлмайди.

Жаҳон банки томонидан ўрнатилган мезонга мувофиқ, киши камбағаллик чегарасидан пастда қайд этилиши учун унинг даромади кунига 1,9 доллардан ошмаслиги керак. Айни ўлчамдан келиб чиқадиган таҳлилларга кўра, бугунги кунда сайёрамизнинг, тахминан, 700 миллион одами мутлақ қашшоқ ҳисобланади. COVID-19 пайдо бўлиши ва жаҳон бўйлаб тарқалиши оқибатида 2021 йил охирига бориб қўшимча яна 150 миллион киши ўша даражага тушиб қолиши хавфи ҳам йўқ эмас.

Шу маънода айнан пандемия шароитида Хитой юзага келган ўта мураккаб вазият, қийинчилик ва муаммоларга қарамай, режалаштирилган вақтда камбағаллик устидан зафар қучгани диққатга сазовор. Бу билан қудратли давлат дунёвий тараққиёт жараёнига ҳам беқиёс ҳисса қўшди. Демак, мазкур ғалабанинг қиммати сиртдан қарагандагидан икки-уч баробар юқори. Жаҳон банкининг яна бир маълумотига эътибор қаратамиз: ер юзида тегишли даврда камбағалликни ортда қолдирган ҳар 100 инсоннинг 70 нафари айнан Хитой ҳиссасига тўғри келмоқда.

Бундан ташқари улкан ва тараққий этган давлат сифатида Хитой қашшоқликни енгиб, олам аҳлида мислсиз ишонч уйғота олди. Бу борада Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармасининг Осиё-Тинч океани минтақаси бўлими бошлиғи Нигел Бретт ўзига хос таъриф келтирди: Хитой тажрибаси яққол кўрсатиб терибдики, орзулар, албатта, ушалади.

Энг муҳими, қашшоқликни тугатишга қаратилган Хитой услуби дунё мамлакатлари учун бебаҳо тажриба сифатида майдонга чиқди.

— Хитой мутахассисларидан биз кўп нарса ўргандик, — дея эҳтирос билан ўз фикрини ифодалашга ҳаракат қилади Танзаниянинг оддий қишлоқларидан бирида истиқомат қиладиган Бишенга. – Бундан 8 йил олдин бу ерга бир гуруҳ хитойлик мутахассислар келганди. Улар ўзлари билан турфа хил сифатли уруғ намуналарини олиб келишдида, маҳаллий аҳолига экинларни парваришлаш, ҳосил етиштириш технологисини ўргатишди.

Шу тариқа камбағалликни енгишга йўналтирилган бир мамлакат тажрибаси глобал кўлам касб этди.

ХХР раиси Си Цзиньпин, ўз навбатида, муайян йўлни босиб отиш осон кечмаганини ҳам эслатиб ўтди. Ушбу муҳим тажрибани чуқур таҳлил этиб, умумлаштирган ҳолда «Хитой мўъжизаси» замирида яширинган ўша сирли “код рақами”ни ошкор қилди.

Хитойнинг камбағалликка қарши курашиш тажрибаси Папуа-Янги Гвинея, Мадагаскар, Лаосе, Камбожа, Мьянма сингари кўплаб давлатларда яшайдиган одамларга жиддий кўмак берди. Шу билан бир вақтнинг ўзида Хитой ривожланаётган мамлакатлар БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Кун тартибини амалга оширишида бевосита амалий ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борди.

Масалан, ўтган 60 йил мобайнида Хитой жаҳоннинг 166 давлатига ва турли халқаро тузилмаларга 600 мингдан зиёд ишчи-ходим жўнатди, бунинг учун жами 400 миллиард юань йўналтирди. 7 марта энг камбағал ва ривожланмаган мамлакатларга берилган ҳукуматлараро фоизсиз кредит қарзларидан бутунлай кечиб юборганини эълон қилди.

Ер юзидаги ҳеч бир давлат бундай қисқа вақт оралиғида шу даражада кўп сонли кишиларни қашшоқлик ботқоғидан тортиб олишнинг уддасидан чиқа олгани йўқ. Айнан Хитой шундай савоб ишни бажарди.

Эксперт: ХХР муваффақияти камбағалликни йўқотишнинг мустаҳкам пойдевори ўрнатилишига олиб келди

“Хитой иқтисодиётининг кейинги 40 йил давомидаги ривожланиш жараёни мамлакатда камбағалликдан қутулиш учун мустаҳкам замин яратди. Келажакда бу мамлакат янада юқори чўққиларга кўтарила олади”. Бу фикр Россия Фанлар Академияси Узоқ Шарқ институти директори Алексей Масловга тегишли.

Масловнинг Хитой медиакорпорациясига интервьюсида айтилишича, Хитой иқтисодиёти ислоҳотлар ва очиқлик сиёсатини йўлга қўйгач, бошиданоқ ва кейинги 40 йил мобайнида ўсиш даражасининг юқори суръатини сақлай билди. Бу эса мамлакат аҳолиси турмуш тарзини яхшилаш учун маҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилди. Таҳлилчининг сўзларига қараганда, Хитой “бира тўла ҳаммани” бойитишга интилгани йўқ, балки изчил равишда босқичма-босқич ривожланишни назарда тутган махсус модел ишлаб чиқди.

Мутахассис Си Цзиньпин маърузасидаги яна бир жиҳатга эътибор қаратган. Хитой етакчиси таъкидлашича, мамлакат бўйлаб ўта қашшоқликни тугатиш бўйича олиб борилган кенг кўламли саъй-ҳаракат натижасида Хитой Коммунистик Партияси чиройли ҳаётга эришиш ва бутун халқни бойитиш сари дадил, залворли қадам ташлади. Ва шу билан бирга, энг муҳими, қашшоқлик енгилиши, бу ҳаммаси тугади, дегани эмас, балки янги мақсадларни амалга ошириш жараёнининг бошланишидир. Яъни, Хитой истиқболда 2035 йилга бориб, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни ўртача ривожланган мамлакатлар даражасига етказиш режасини амалга оширишга интилади. Чин ўлкасида яшайдиган аҳоли сонидан келиб чиқиб таҳлил этиладиган бўлса, ушбу кўрсаткичнинг асл қиймати, аҳамияти аён бўлади.

Умуман, Хитойнинг камбағаллик чегарасидан ўтгани тўғрисидаги хабар ҳали кўп муҳокама қилинади. Қудратли, тараққий этган мамлакатларнинг ХХРга муносабати нуқтаи назаридан қараб, мулоҳазалар турлича – ижобий, таҳлилий, бетараф ва ёки салбий бўлиши эҳтимолини ҳам тахмин қилиш мумкин. Хитой Ўзбекистоннинг асосий, ўзаро савдо айланмаси жиҳатидан биринчи рақамли иқтисодий шериги эканлигидан келиб чиқиб, ЎзА айни мавзуни кузатиб боришга ҳаракат қилади.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ,

ЎзА шарҳловчиси

Бошқа хабарлар | 其他新闻

Гуанчжоу – “Буюк гуллар шаҳри”
Сўнгги йилларда Гуанчжоу шаҳрини кўкаламзорлаштириш учун кўп куч сарфланди ва натижалар ўз самарасини берди. Аҳолини янада тоза ҳаво билан таъминлаш учун кўп қаватли дераза ...
Конфуций ёҳуд «фалсафа ўқитувчиси»
Конфуций милоддан илгари тахминан 551—471-йилларда яшаган. Унинг бутун дунёда машҳур бўлган номи «кун» ва «фуцзи» сўзлари асосида ясалган «Кун» ҳозирги вақтда фамилияни англатувчи сўз ...
Сянган’да «Севги ва романтика» деб номланган чироқлар шоу фестивали
Хитойнинг Сянган (香港 xiānggǎng) шаҳрида Халқаро чироқлар санъат кўргазмаси очилди. Кўргазманинг асосий мавзуси - «Севги ва романтика».
«Бой бўлмоқчи бўлсанг, аввал йўлларингни тузат”
“要想富,先修路” таржимаси "Бой бўлмоқчи бўлсанг, аввал йўлларингни тузат”. Бу хитой халқи ичида тез- тез қўлланиладиган ибора. Бой бўлишни истаган инсон, албатта, уйига йўл очган, хонадонига ...
Хитой ҳукмдоридан темурийзода Шоҳрухга юборилган ов қушлари
1419 йил – тарихчи олим Фасиҳ Хавофийнинг “Мужмали Фасиҳий” асарида қайд этилишича, Хитой ҳукмдори Дай-Минг-Хоннинг Ли-Тожин ва Хан-Тожин исмли элчилари амирзода Шоҳрух бошчилик қилаётган Темурийлар ...
«Буюк ипак йўли гавҳарига саёҳат» (видео)
Хабарингиз бор, шу йилнинг 24-27 декабрь саналарида Пекинда Ўзбекистон маданияти кунларига бағишланган тантанали кеча бўлиб ўтди. https://youtu.be/f3UI44IXtZQ    
Наврўз қандай нишонланади?
2010 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 64-сессиясида 21 мартни “Халқаро Наврўз куни” деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюция қабул қилинди. Унга кўра, ҳар йили ...
Си Цзиньпин Шавкат Мирзиёевни табриклади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига Муҳтарам Президент Жаноблари! Хитой ҳукумати ва халқи номидан, шахсан ўз номимдан Сизни ва Сиз орқали Ўзбекистон ҳукумати ва халқини Наврўз ...
Фотогалерея: Шанхай баҳори
Шанхайнинг баҳорий манзаралари. Шарқий Хитой. Сураткаш Фан Чже, Синьхуа  
Хитойда ҳайдовчисиз осма монорельс поезди синовдан ўтди
Ҳубей провинциясининг Цзянся синов базасида CRSIC компанияси томонидан яратилган ҳайдовчисиз осма монорельс поезди муваффақиятли синовдан ўтказилди. Бу ҳақда «Жэньминь жибао» онлайн нашри хабар берди. Хабарингиз бўлса, ...
Шанси’да қадимий корхона топилди
Хитойлик археологлар мамлакат шимолида жойлашган Шаньси провинциясида олиб борилаётган қазиш ишлари чоғида тоза мис ва мисдан турли маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган улкан қадимий корхона изларини ...
Пекинда ҳайдовчисиз таксилар синовдан ўтказилмоқда (видео)
Пекинда ҳайдовчисиз такси тизими синовдан ўтказилмоқда. Октябр ойида пайдо бўлган бу автомобилларни “Байду” компаниясининг бошқарув мажмуаси синовдан ўтказади. Улар апробация даврида таксида хавфсизлик ва узлуксиз ...