Фарғона манзаралари Гуйчжоуда намойиш этилди

Бир суратда бир лаҳза, бир давр, ҳатто бутун бир ҳудуднинг қиёфаси акс этиши мумкин. Хитойнинг Гуйчжоу провинциясида ўтказилган «19-дахлсиз экология» – «Ранг-баранг Гуйчжоу-2026» халқаро фотокўргазмаси ана шу ҳақиқатни яна бир бор намоён этди. Унда турли мамлакатлар фотоижодкорларининг асарлари билан бир қаторда Фарғонада тасвирга олинган суратлар ҳам намойиш этилди.

Бу йил ўн тўққизинчи бор ташкил этилган кўргазмада Ўзбекистон фотоижодкорларининг асарлари илк марта жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди. Кўргазма залларида ва очиқ осмон остидаги қишлоқ уйлари, бино-иншоотлар деворларига жойлаштирилган фотосуратлар орасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Фарғона вилоятидаги фотомухбири Муқимжон Қодиров ижодига мансуб ишлар ҳам ўрин олди.

02
01
02-
03
05
07
04
06
09
010
08
012
011

 

— Мен бундай халқаро кўргазмада биринчи бор иштирок этяпман. Очиғи, ҳам хурсандман, ҳам ҳаяжондаман. Фотосуратларда Фарғона вилояти манзаралари, одамлар портретлари акс этган, — дейди Муқимжон Қодиров.

Кўргазмага ўзбекистонлик муаллифнинг 50 га яқин фотоишлари қўйилди. Уларда Фарғона вилояти мисолида Янги Ўзбекистонда рўй бераётган ислоҳотлар, энг муҳими, инсон ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар акс этган.

Франциялик фотоижодкор, кўргазма иштирокчиси Орельен Фуко Муқимжон Қодиров ишлари ҳақида шундай дейди:

— Муқимжон Қодиров ижодини ҳақиқатан қизиқиш билан кузатдим. Уларда оддий инсон қиёфаси, тарихий обидалар, қизғин иш жараёни акс этган. Мен ҳар бирида ҳаётнинг тарихий, оний лаҳзаси, маънодор ифодасини топдим. Унинг фотолари халқаро кўргазмани янги ранг, маъно ва йўналиш билан бойитган.

Гуйчжоу тоғларидаги гўзал қишлоқда уч кун давом этган халқаро фотокўргазмада Фарғона суратлари ҳам Ўзбекистоннинг бугунги қиёфасини дунёга намоён этган тасвирлар сифатида ўрин олди.