Коронавируснинг тасдиқланган барча ҳолатларининг 85 фоизидан кўпи Хитойда қайд этилган. Шундай қилиб, касалхонага ётқизилган беморларнинг деярли барчасига одатий дори-дармонлар билан бир қаторда, анъанавий хитой тиббиёти препаратлари буюрилган.
Умуман олганда, Хитойнинг Фан ва технологиялар вазирлиги маълумотларига кўра, Covid-19 инфекцияси борлиги тасдиқланган 60 мингдан ошиқ киши анъанавий хитой тиббиёти билан даволаш курсидан ўтган.
Маҳаллий оммавий ахборот воситаларига кўра, бир вақтнинг ўзида ҳар иккала турдаги даволанишни ўтказган беморлар фақат «одатий» дори-дармонларни қабул қилганларга нисбатан яхшироқ тузалишмоқда. Масалан, Ханчжоу шаҳрида оғир аҳволда касалхонага ётқизилган 88 ёшли бемор шу тарзда даволанган.
Анъанавий хитой тиббиёти даволаш формуласи Гуанчжоу шаҳридаги саккизинчи халқ касалхонасида ишлаб чиқилган, Гуандун вилояти Фан ва технологиялар вазирлиги томонидан тан олинган ва минтақавий ҳокимият томонидан расман тасдиқланган.
Ханчжоудаги юқумли касалликлар касалхонасининг анъанавий хитой тиббиёти бўлими бошлиғи Ю Цзяньхуанинг Хитойнинг CCTV телеканалига айтишича, унинг беморлари иккита анъанавий дориларни қабул қилишади: бири ўпкада балғамдан халос бўлишга ёрдам беради, бошқаси яллиғланиш билан курашади.
Covid-19 беморларини асосий терапия билан бир қаторда Цинфей пайду (Qingfei Paidu) аралашмаси билан даволаш айниқса самарали бўлмоқда, дея Пекин шифохоналаридан бирининг бош шифокори Ван Ронбиннинг сўзларини келтиради Синьхуа агентлиги.