Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикалари ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилиб, давлатлараро даражадаги ташрифлар сони ошиб бормоқда, маданий алоқалар мустаҳкамланмоқда.
Жорий йилнинг апрель ойида Пекинда бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” халқаро форуми доирасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўртасида бўлиб ўтган самарали музокаралар ҳамкорликни янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлмоқда.
Ушбу саъй-ҳаракатларнинг натижаси ўлароқ, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Хорижий давлатлар билан дўстлик жамияти, Хитойнинг “Йема” компанияси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Хитойдаги элчихонаси ҳамкорлигида жорий йилнинг 24-27 декабрь кунлари Пекин шаҳрида “Буюк ипак йўлининг марваридига саёҳат” номли Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилмоқда.
Маданият кунлари доирасида Ўзбекистон делегацияси раҳбарияти ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Котибияти ўртасида учрашув, Хитой Миллий музейига ташриф, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.Сайфуллаевнинг Хитой халқ Республикаси Маданият ва туризм вазири билан учрашуви, «Reignwood Theatre» театрида кўргазма ҳамда тантанали концерт дастури ўтказилиши режалаштирилган.