Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2021 йил 28 декабрдаги қарорига мувофиқ Фарҳод Нуритдинович Арзиев Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда УзА хабар берди.
Ф.Aрзиев дипломатия соҳасида 2002 йилдан буён ишлайди. Вазирлик марказий аппарати ҳамда мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида катта тажриба тўплаган.
2014-2017 йилларда Ўзбекистоннинг Германия Федератив Республикасидаги элчихонаси маслаҳатчиси, 2017-2020 йилларда мамлакатимизнинг Ҳиндистон Республикаси ва Бангладеш Халқ Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Деҳли шаҳрида), 2020-2021 йилларда ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. Рус, инглиз ва немис тилларини билади.