Шанхай – Янцзе дарёси бўйида жойлашган дунёдаги энг кўп аҳоли истиқомат қиладиган шаҳар. Дастлаб у балиқчилар қишлоғи бўлган, энди эса замонавий ва анъанавий Хитой маданиятини бирлаштирувчи йирик порт шаҳри. Осмонўпар бинолар, сонсиз автомагистраллар, ҳашаматли ресторанлар, “суперлюкс” хонали меҳмонхоналар ва ХХ аср дунё пойтахтига айланиш йўлида Хитой сиёсий ислоҳотларини ўзида акс эттирган, сўнгги бир неча йил ичида янги қиёфага кирган мегаполис. Хитойда Шанхай аҳолиси бадавлат ва мағрурлиги билан ном қозонган.
Шанхай – сайёҳларнинг севимли маскани. Халқ майдони ва Ҳуанцу дарёси бўйида диққатга сазовор жойлар, бизнес ва савдо марказлари мавжуд. Шанхай харид қилишни севувчилар учун айни боп шаҳар. Бу ерда энг сўнгги модадаги кийимлар билан бирга эсдалик учун турли-туман миллий совға-сувенирларни ҳам топиш мумкин. Пекин, Сичуан, Гуанжоу, Шанхай ва Хитойнинг бошқа провинциялари миллий таомларини тақдим этувчи кўп сонли ошхоналар нозик таъбли хўрандаларни ҳам қойил қолдириши шубҳасиз. Шанхай ресторанлари Хитойдаги энг сара тамаддихоналар мақомини олган бўлиб, бу ерда халқаро гастрономик янгиликлардан ҳам баҳраманд бўлишингиз мумкин. Сайёҳларнинг доимий макони – Ҳуаиҳаи кўчаси ўзининг кафелари, антиқа дўконлари ва қадимги француз услубида қурилган бинолари билан машҳур.
Марказий шаҳар: Шанхай
Майдони: 6,340,5 км²
Аҳолиси: 24,23 миллион киши
Маъмурий бўлиниши: 16 та туман
Жўғрофий ўрни ва иқлими. Шанхай Янцзе ва Ҳуангпу дарёларини ажратиб туради. У асосий қисми Ҳуангпу, Пуси ғарбий қирғоғида, Пудонгнинг шарқий қисмида жойлашган янги бизнес ҳудуди ҳисобланади. Шанхай Жежианг ва Жиангсу провинциялари билан чегарадош бўлиб, шарқида Шарқий Хитой денгизи қирғоқларини ювиб туради.
Шанхай муссон хусусиятларига эга нам, субтропик иқлимли. Ёзда ёмғир кўп ёғишига қарамай, нам ва қуруқ мавсум аниқ ажралиб турмайди. Бу ерда тўрт фасл ҳам намоён бўлади – баҳор ва куз қисқа ва тез ўтади, ёз ва қиш узоқ давом этади.
Иқтисоди. Шанхай Хитойнинг йирик савдо-иқтисодий маркази ҳисобланади. 1992 йилда Шанхайда бозор ислоҳотлари ўтказилган. Ислоҳотлар натижасида солиқ юки камайган, ҳатто Шанхайдан келадиган солиқ тушумлари бутун Хитой солиқ даромадларининг 20-25 фоизини ташкил этган. 2005 йилда Шанхай юк айланмаси (443 млн. тонна юк) бўйича дунёдаги энг йирик порт деб тан олинган.
Шанхай иқтисодининг асосий йўналишлари – молия, суғурта, кўчмас мулк, транспорт ва бошқа нодавлат ишлаб чиқариш корхоналари. Бироқ шаҳарда оғир саноат, машинасозлик, металлургия, нефт-кимё саноати, енгил ва тўқимачилик саноати, авиация, электротехника, автомобилсозлик саноати етакчилик қилади.
Эркин бозорни Хитой Халқ банки бошқаради. Унинг штаб-квартираси 2005 йили август ойида Пудонг туманидаги молиявий марказда очилган. Бундан ташқари, дунёдаги йирик корпорациялар Шанхайда ўз офис ва филиалларига эга. 2018 йилда Шанхай ялпи ички маҳсулоти 6,6 фоизга ўсди ва 3,27 триллион юанга етган.
Шанхайда SAIC Motor, Shanghai Volkswagen ва Shanghai General Motors (автомобиль), SMIC (яримўтказгич), Inventec ва LG Electronics (компьютер ва хўжалик техникалари), Baosteel (металлургия), Shanghai Electric Group ва Shanghai Zhenhua Heavy Industries (машинасозлик), Shanghai Petrochemical, BASF, Bayer, DuPont, Huntsman, Henkel Group ва UOP (нефть-кимё ва кимё), Ericsson ва Nokia (телекоммуникация ускуналари), Covidien (тиббиёт ускуналари), Sandvik (йўл-қурилиш техникалари), Want Want China (сут маҳсулотлари), International Paper (қоғоз ишлаб чиқариш) завод ва корхоналари фаолият юритади.
Машҳур кишилари:
- Сун Цинлин (1893–1981) – сиёсат ва давлат арбоби, Сун Ят-сеннинг рафиқаси;
- Чен Юн (1905–1995) – ХХ асрнинг номдор сиёсат арбоби, Умумхитой миллий раҳбарлари Кенгаши доимий қўмитаси раиси, Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси раисининг ўринбосари;
- Жан Айлин (1920–1995) – таниқли хитой ёзувчиси, “Қулаган шаҳардаги севги”, “Ярим ҳаёт” каби асарлар муаллифи;
- Мэй Баожю (1934–2016) – актёр, Пекин операсида аёл роль ижрочиси, машҳур актёр Мэй Ланьфаннинг тўққизинчи ўғли ва шогирди.
Диққатга сазовор жойлари:
- Шешан ибодатхонаси;
- Ченгҳуангмяо (Худо ибодат шаҳри);
- “Шарқ марвариди” телеминораси;
- Нанжинг кўчаси;
- Шикумэн уйи (француз даҳасидаги шикумэн услубида қурилган уйлар);
- Сун Ят-сен уй-музейи;
- Лу Син ёдгорлик мажмуаси;
- Вайтан соҳили;
- Юйюан боғлари;
- Шанхайнинг ташқарисидаги Чжуцзяцзяо “дарё бўйидаги шаҳар”;
- Лун Ҳуаси ибодатхонаси;
- Нефритли Будда ибодатхонаси;
- Жинъан ибодатхонаси;
- Шанхай Жаҳон молиявий маркази;
- Шанхай музейи;
- Шанхай Шарқ санъати маркази.