Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга амалий ташриф билан Пекин шаҳрига келди.
Ташриф доирасида 17-18 октябрь кунлари давлатимиз раҳбари ХХР Раиси Си Цзиньпин ва Хитой Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши раиси Ван Хунин билан музокаралар, бошқа икки томонлама учрашувлар ўтказилди.
Ўзбекистон етакчиси “Бир макон, бир йўл” халқаро форумининг очилишида иштирок этди ва ялпи сессиясида нутқ сўзлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Пекин шаҳрига амалий ташриф доирасида ўзига ажратилган қароргоҳда “Amer International” индустриал-саноат холдинги раиси Ван Вэньинни қабул қилди.
Мисни чуқур қайта ишлаш ва ундан юқори қўшилган қийматли инновацион ва харидоргир маҳсулотлар, шу жумладан электротехника, электромобиллар учун аккумулятор батареялари, микроэлектроника ва яримўтказгичлар ишлаб чиқариш бўйича истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
“Amer International” компанияси раиси Хорижий инвесторлар кенгаши фаолиятида иштирок этиши, мамлакатимизда минтақавий офис очиш ҳамда қўшма инновацион лойиҳаларни тезлаштириш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилиш юзасидан келишувга эришилди.
Шундан сўнг, Президент Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказди. Учрашув давомида, Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Ўзбекистон Президенти Тошкентда Хитойнинг етакчи Цинхуа университети ва Пекин университети филиалларини очишни таклиф қилди. Шунингдек, минтақавий кун тартиби ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
“Бир макон, бир йўл” халқаро форуми доирасида Олмалиқ кон металлургия комбинати ва Хитойнинг “Amer International” компанияси билан келишув имзоланди.
Келишувга кўра, ОКМК ва “Amer International” компанияси ҳамкорлигида мис саноати кластерини ривожлантириш ва юқори қўшимча қийматга эга янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга “Бир макон, бир йўл” учинчи халқаро форумида иштирок этаётган делегациялар раҳбарларини расмий кутиб олиш маросимида иштирок этди.
Маросимда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Россия Президенти Владимир Путин, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Покистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Анвар ул-Ҳақ Какар, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, қатор бошқа мамлакатларнинг давлат ва ҳукуматлар раҳбарлари ҳам иштирок этди. Биргаликда суратга тушилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойга амалий ташриф доирасида Вьетнам Социалистик Республикаси Президенти Во Ван Тхионг билан учрашди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Пекин шаҳрида «China CAMC Engineering» компанияси раиси Ван Бони қабул қилди.
Учрашувда қўшма лойиҳаларни кўпайтиришнинг амалий жиҳатлари, жумладан, мамлакатимиз ҳудудларида гидротехник иншоотлар ва Янги Тошкентда замонавий инфратузилмани барпо этиш, илғор агротехнологияларни жорий қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Ташрифнинг иккинчи кунида “China Energy Engineering Corporation” раиси Сун Хайлян билан учрашув ўтказилди. Компания Навоий вилоятида гибрид электр станциясини барпо этишда иштирок этиш ниятида.
“China Energy” билан шериклик истиқболлари, шу жумладан инфратузилма объектларини модернизация қилиш, энергияни сақлаш тизимларини ташкил этиш, энергетика тармоғини 2030 йилгача ривожлантириш дастури доирасида малакали мутахассисларни тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шу кунинг ўзида Президент Шавкат Мирзиёев ўзига ажратилган қароргоҳда “State Grid” компанияси раиси Синь Баоанни қабул қилди.
Мазкур компания иштирокида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, юқори вольтли электр узатиш линияларини қуриш ва инфратузилма объектларини модернизация қилиш, бунда илғор инжиниринг ечимлари ва юксак технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Пекин шаҳрида “Бир макон, бир йўл” халқаро форумининг очилиш маросимида ҳамда “Инсон ва табиат уйғунлиги йўлида “Яшил ипак йўлини” биргаликда барпо этиш” мавзусидаги ялпи йиғилишида иштирок этди.
- Ўзбекистон раҳбари 2024 йилда Самарқанд халқаро иқлим форумини ўтказиш ташаббуси билан чиқди.
- Кам углеродли иқтисодиёт ва “тоза” технологияларни ривожлантириш, шунингдек, минтақа мамлакатларида юқори экологик стандартларни жорий этиш мақсадида Ўзбекистонда “Яшил молиялаштириш” жамғармасини таъсис этишни таклиф қилди.
- Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси “яшил” маҳсулотлар, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўзаро савдосидаги чеклов ва тўсиқларни камайтиришга чақирди.
- “Яшил” энергетикага ўтиш бўйича мулоқотни фаоллаштириш ва “Макон ва йўл” ташаббусига қўшилган мамлакатлар вазирларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш таклифи билдирилди.
- Ўзбекистон Президенти Оролбўйи халқаро инновациялар маркази негизида “яшил” билим ва ечимларни трансфер қилиш бўйича илмий-ахборот платформасини ишга тушириш ташаббусини илгари сурди.
- “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида таниқли жамоат арбоблари, фан, бизнес ва маданият намояндалари иштирокида этно-экологик фестиваллар, форумлар, тақдимотлар ва бошқа тадбирлар ўтказишни назарда тутувчи “яшил” маданиятни ривожлантириш бўйича Глобал дастурни ишга туширишни таклиф қилди.
Тадбирлар доирасида Президент Шавкат Мирзиёев Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши Бутунхитой қўмитаси Раиси Ван Хунин билан суҳбатлашди.
Пекин шаҳридаги тадбирларга бой амалий ташриф якунлангач, Президентимиз Тошкентга жўнаб кетди. “Шоуду” халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонларни ХХР фавқулодда вазиятлар вазири Ван Сянси ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди.