Провинция: Шанси
Маъмурий маркази: Тайюан
Майдони: 156 700км²
Аҳолиси: 37 миллиондан зиёд киши
Маъмурий бўлиниши: 11 шаҳар, 81 туман, 81 қишлоқ.
Йирик шаҳарлари: Тайюан, Датун, Чанчжи, Янцюан.
Шанси провинцияси камида 3000 йиллик тарихга эга, ҳудудида тарихий ёдгорликларнинг кўплиги ва хилма-хиллиги учун “очиқ осмон остидаги музей” деб ҳам аталади.
Жўғрофий ўрни
Шанси провинцияси Хуанхэ дарёси ўртасида, ички минтақада жойлашган бўлиб, шимоли-ғарбий Хитой дарвозаси ҳамда Шарқий, Марказий, Шимолий ва Ғарбий Хитойни боғлайдиган транспорт маркази ҳисобланади. Шанси шаҳри нисбатан паст (ўртача 1500-2000 м) баландликдаги Хэнан ва Хебе вилоятларидан ўтувчи Таиҳангшан тоғ тизмаси (тахминан 400 км) билан ўралган, шарқий чегараси Лёсс платосигача туташган. Бу ердан шарқий томонга транспорт йўналишлари Ляньюньган портига, ғарбга – Амстердамга, вилоят маркази орқали трансминтақавий Осиё-Европа йўналиши бўйлаб эса янги трансминтақавий Осиё-Европа кўпригига элтади. Шанси Хэнан, Хэбэй, Ички Монголиянинг автоном ҳудуди билан чегарадош.
Энг йирик дарёлари: Финҳе, Цинҳе, Сушуйҳе, Санчуанҳе.
Энг катта кўллар: Тянчи ва Юнчен шўр кўли.
Энг баланд нуқтаси: Бейтайдин чўққиси (Едоуфэн) – 3058 метр – Утай тоғлари (Утайшан).
Иқтисоди. 120 турдаги табиий ерости бойликлари мавжуд бўлиб, улардан 63 тури ўрганилган. Энг асосий қазилма бойликларига кўмир, тошкўмир, боксит, мис, темир ва рутил киради. Провинция тоғ-кон, қора ва рангли металлургия, металлга ишлов бериш, машинасозлик, кимё, тўқимачилик, кийим-кечак, фармацевтика, озиқ-овқат саноати, чинни ва фаянс, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш тараққий этган юқори технологияли йирик саноат зонаси саналади. Қишлоқ хўжалиги соҳасида маккажўхори, гуруч, буғдой, соя ва гаолян (тариқ тури), картошка, гречка, дуккакли ўсимликлар, пахта, тамаки, сабзавот ва мевалар (асосан узум), доривор ўсимликлар етиштириш ривожланган. Чорвачилик (қорамол, қуён, қўй, от), паррандачилик, асаларичилик, ипакчилик яхши йўлга қўйилган. Транспорт хизматлари, савдо, туризм провинция иқтисодига сезиларли фойда келтиради.
Машҳур кишилари:
- Фасян (337–422) – 399–412 йилларда Непал, Ҳиндистон, Шри-Ланкага саёҳат қилган хитойлик буддист роҳиб ва саёҳатчи;
- Ди Жэнцзе (630–700) – Тан ва Чжоу сулолалари амалдори ва давлат арбоби, икки марта канцлер вазифасини бажарган. Ву Зэтян ҳукмронлиги даврида юксак мартабага эришган.
- Сюй Сянцян (1901–1990) – ҳарбий арбоб;
- Ма Юан (1190–1279) – Сун давридаги машҳур рассом;
- Ян Сишан (1883–1960) – ҳарбий ва сиёсий арбоб;
- Жин Хайпэн (1966 йилда туғилган) – космонавт, Хитойда илк бор учта орбитал парвозни амалга оширган учувчи;
- Жиа Жанке (1970 йилда туғилган) – кинорежиссёр.
Диққатга сазовор жойлар:
Ўрта аср Пиньяо шаҳри, Юнган ёдгорликлари – Датун шаҳридан жануби-шарққа 16 километр узоқликда жойлашган 252 сунъий ғордан иборат мажмуа, Утайшан тоғи ва унинг Няншан, Сантун ва Таюан каби жами 120 дан ортиқ муқаддас будда ибодатхоналари, (бир вақтнинг ўзида тоғ ва Миллий боғ) ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон маданий мерослари рўйхатига киритилган.
- Ғарбий Жоу сулоласи даврида бунёд этилган Цзин мозори (мил. ав. 1046–770 йй.);
- Мин давридаги Тянлуньшан ғорлари ва миноралари;
- 1608 йилда қурилган Икки роҳиб ибодатхонаси (Шуанта);
- Чонгшан будда ибодатхонаси (1398 йилда тугатилган);
- Шанси музейи;
- Люйсян савдо кўчаси;
- Хуаян ибодатхонаси – Юқори (1038) ва Қуйи (1140);
- Тўққиз аждар девори (1395);
- Гуандимяо ибодатхонаси;
- Инъинта минораси;
- Сюанкунси ибодатхонаси;
- Хэншан тоғлари;
- Қадимги Инсян черкови (1056 йил, 67 метр), дунёдаги энг қадимий ва баланд ибодатхона;
- Хоукой шаршараси (“Чойнакнинг қопқоғи”);
- Сиян туманидаги Дачжай қишлоғи – бу ер провинциянинг меҳнатсеварлик ва ташаббускорлик рамзи ҳисобланиб, мисли кўрилмаган иқтисодий ўсиш кузатилган.