Қудуқдан топилган тарих: Терракота армиясининг кашф этилиши

Сиз суратда кўриб турган бу инсон 1974 йилдан буён Хитой Халқ Республикасида энг машҳур инсонлардан бири ҳисобланади. Сабаби, ўша пайтда 18 ёшда бўлган Ян исмли бу йигит оддий фермерлардан бири эди. У даладаги экинларга ишлов бериб юрар экан, кунларнинг бирида сув чиқариш учун қудуқ қазишга киришади. Орадан бир-икки кун ўтиб, у шундай ноёб топилмага дуч келадики, бу воқеа уни бутун умрга машҳур қилиб қўяди. Нафақат у яшаб турган Сиань шаҳри, балки бутун Хитой Халқ Республикасининг ҳам жаҳон сайёҳлари назаридаги обрў-эътибори юксалади.

Бундан тахминан 2200 йил олдин Хитой императори томонидан ташкил этилган, уларнинг қайта тирилишига ишониб, машаққатли меҳнатлар эвазига кўп йиллар давомида энг моҳир ҳунарманд усталарга ясаттирилган минглаб аскар ҳайкаллари сирли тарзда ер остига кўмиб юборилган. Ушбу воқеага гувоҳ бўлган барча инсонларнинг ҳаётига суиқасд қилингани ҳақида тарихий манбаларда қайд этилган.

Ҳайратланарлиси шундаки, неча йиллар, неча асрлар ўтиб, замонавий фермер айнан шу жойни топиб олади ва бу ҳақда зудлик билан ҳукумат органларига хабар беради. 56 гектар ҳудудни эгалловчи ушбу ноёб ёдгорлик мажмуаси “Терракота армияси” деб номланиб, ҳозиргача олим ва тадқиқотчилар томонидан ўрганиб келинмоқда. Қолаверса, бу масканга ҳар йили миллионлаб сайёҳлар ташриф буюради.

Энг қизиқарли томони, ушбу ҳайкалларнинг бирортаси иккинчисига айнан ўхшамайди. Уларнинг ҳар бири жонли аскарлардек таассурот қолдиради ва Хитойнинг машҳур жанговор-бадиий фильмларида акс этган эпик саҳналар учун илҳом манбаи бўлиб келмоқда.

Вақт — ҳакам. Келгусида ушбу топилмалар яна қанча сирларни ошкор этиши шубҳасиз.

Назиржон Ҳошимов,
Сиань, Хитой.