Пекиндаги Хитой халқаро муаммолар академиясида “Президент Шавкат Мирзиёев — Ўзбекистондаги ислоҳотлар даврининг меъмори” номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ушбу асар ХХР Ташқи ишлар вазирлигининг Хитой халқаро муаммолар академияси мувофиқлаштируви остида “Халқаро ҳаёт” нашриёти томонидан чоп этилди. Бу ҳақда «УзА» хабар берди.
Асарда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистоннинг замонавий ривожланиши ва келажаги юзасидан стратегик қарашлари, давлатимиз раҳбарининг Марказий Осиё минтақаси, ШҲТ ва Евроосиё ҳудудида хавфсизлик ва тараққиёт таъминланишида тутаётган фаол ўрни ўз ифодасини топган. Ўзбекистон тараққиётининг ўсувчанлиги, мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатида тарихан қисқа даврда амалга оширилган изчил ўзгаришлар ҳақидаги маълумотлар хитойлик китобхонларнинг эътиборига ҳавола қилинган. Унда, шунингдек, муаллифларнинг Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш бўйича концептуал ғоялари ҳам акс этган.
Тақдимот маросимида Хитойнинг расмий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-академик доиралари, етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари ва дипломатик корпус раҳбарлари иштирок этдилар.