Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги саҳифаларида Ўзбекистон мавзуси доимий ёритиб борилмоқда

Замонавий Ўзбекистон ҳаётида рўй бераётган муҳим ўзгариш ва янгиланишлар Хитойнинг етакчи оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, “Синьхуа” ахборот агентлигида ҳам кенг ёритиб борилмоқда.

Хусусан, куни кеча “Синьхуа”  сайтида “Ўзбекистон Президенти Қамчиқ довони орқали янги автомобиль тоннели қурилишини жадаллаштириш юзасидан топшириқ берди” сарлавҳаси остида навбатдаги ахборот эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Унда Ўзбекистон Президенти  Шавкат Мирзиёев давлат-хусусий шериклигининг устувор лойиҳалари билан танишиш чоғида Қамчиқ довони орқали янги тоннел қурилишини жадаллаштириш бўйича кўрсатма бергани ҳақидаги маълумотлар келтирилади. Агентлик давлат раҳбарининг Қамчиқ довонида янги тоннел қуриш бўйича тендер-лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тендер эълон қилиш муҳимлигини қайд этганини маълум қилган.

“Бугунги кунда Қамчиқ довони орқали Тошкентдан Андижонга бориш учун тирбандликлар сабабли 5-6 соат вақт сарфланади. Келгуси 5 йилда эса бу вақт 40 дақиқани ташкил этиши мумкин. “Тошкент-Андижон” пуллик автомобиль йўли ишга тушган тақдирда масофани босиб ўтиш 3 соатгача қисқаради, транспорт ҳаракати эса 70 фоизгача ортади”, деб ёзади Хитой ахборот агентлиги.

Материалда қайд этилишича, ўтган йилнинг декабрь ойида тасдиқлаган махсус “Йўл харитаси”га мувофиқ тоннел қурилиши тендерини 2022 йил март ойида ниҳоясига етказиш режалаштирилган эди.

“Синьхуа” ўз ўқувчиларига мазкур довон орқали ўтадиган ушбу йўл Ўзбекистоннинг энг кўп аҳоли яшайдиган ҳудуди ҳисобланадиган Фарғона водийсини мамлакатнинг қолган қисми билан боғловчи ягона автомобиль магистрали эканини таъкидлаб, Қамчиқ довони орқали биринчи тоннел 2016 йили Хитойнинг “China Railway Tunnel Group” компанияси томонидан қурилгани ва фойдаланишга топширилганини айтади.

“Ўзбекистонда олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари очиқ стадионларда бўлиб ўтади” – “Синьхуа” ахборот  агентлигининг навбатдаги мақоласи Ўзбекистон Президенти жорий йилда олий таълим муассасаларига қабулни ташкил қилиш ва 2020/2021 ўқув йилига тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан ўтказган йиғилишига бағишланди.

Унда мамлакатимиз раҳбари тест синовларини Тошкент шаҳри ва вилоятларнинг марказий стадионларида ташкил этиш юзасидан топшириқ бергани қайд этилган.

Шу ўринда давлатимиз раҳбари имтиҳонлар ўтказиш учун абитуриентлар ва назоратчилар учун эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш зарурлигини алоҳида таъкидлагани кўп сонли ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган.

“Бунда имтиҳонлар кунига 2 марта ўтказилса, барчасини тахминан 12-14 кунда якунлаш мумкин. Жорий йилда мамлакат олий таълим муассасаларига (ОТМ) бакалавриат босқичига 162 минг 364, магистратурага 10 минг 425 ўрин ажратилган”, деб ёзади манба.