Қадим Сиан шаҳрига хуш келибсиз! (видео)

Сиан қадимги шаҳарларидан бири бўлиб, 1100 йилдан кўпроқ вақт давомида Хитойнинг пойтахти сифатида хизмат қилган.

Хитой марказидаги мазкур шаҳарнинг тарихи 3000 йилдан ошади. Айрим манбаларга қараганда, бир вақтлар у аҳоли сони ва ҳудуди жиҳатидан нафақат Чин юрти, балки бутун дунёдаги энг йирик шаҳар бўлган. Шу билан бирга, Хитой императорларининг ўн уч сулоласи даврида мамлакат пойтахти мақомини эгаллаган.

Терракота армияси

Буюк ипак йўлининг муҳим чорраҳаларидан бирида жойлашган ушбу шаҳар теграсида кўплаб қадимий мақбаралар, хусусан, император Цинь Шихуандининг терракота армияси билан бирга дафн қилинган мақбараси бор.

Бу ердаги саккиз мингдан зиёд аскар, гарчи сополдан бўлса-да, ҳақиқий жанговар от-аравалари ва қурол-аслаҳалари билан ўз даврининг энг қудратли армиясини намоён этади. Улар 1974 йилги қазишма ишлари даврида эрамиздан аввалги 210-209 йилларда мамлакатни бирлаштирган император Цинь Шихуандининг мақбараси атрофидан топилган. 1987 йилда терракота армияси ЮНЕСКО томонидан Жаҳон мероси дурдоналари рўйхатига киритилган.

Қадимий шаҳар девори

Шаҳар тарихий қисмининг камарига айланган бу девор XV-XVII асрларда ҳукмронлик қилган Мин сулоласи даврида барпо этилган. Ўз даврида у ташқи томондан чуқур ҳандақлар билан ҳам ўралган ва мустаҳкам истеҳком вазифасини ўтаган. Муайян қисмларида барпо этилган қалъалар ташқарига чиқадиган кўприк билан жиҳозланган ва айни пайтда ишончли мудофаа иншооти бўлган.

Деворнинг яна бир ўзига хос жиҳати унинг ўлчамларидир. Бўйи 15, эни 12 метрга етадиган бу девор устидан қадимги даврнинг барча транспорт воситалари, оғир жанговар-техникавий аслаҳалари, катта миқдордаги жангчилар бемалол ҳаракатлана олган. Унинг туннеллари ва туйнуклари эса шаҳар мудофаа қудратини янада оширган.

Сиань нафақат ўзининг бетимсол обидалари, балки юксалиб бораётган иқтисодий қудрати билан ҳақли равишда Хитойнинг энг диққатга сазовор шаҳарларидан биридир.