Хитой ҳукмдоридан темурийзода Шоҳрухга юборилган ов қушлари

1419 йил – тарихчи олим Фасиҳ Хавофийнинг “Мужмали Фасиҳий” асарида қайд этилишича, Хитой ҳукмдори Дай-Минг-Хоннинг Ли-Тожин ва Хан-Тожин исмли элчилари амирзода Шоҳрух бошчилик қилаётган Темурийлар давлатига келди. Рамазон ойининг йигирма учинчи куни (12 ноябрь)да ушбу элчилар Хуросон маркази Ҳиротда улуғ хоқон Шоҳрухга Хитой ҳукмдори юборган пешкашлар (ҳадялар) ҳамда ҳукмдорнинг хатини тантанавор тарзда тақдим этдилар.

Ушбу хатда Дай-Минг-Хон Шоҳрухга сарой амири Ли-До ва бир гуруҳ унинг кишиларидан иборат аввалги элчиларга кўрсатилган ҳурмат ва иззат-икромлар учун миннатдорчилик билдиради. Ли-До ва унинг одамлари Хитойга Шоҳрухнинг ҳадялари: шерлар, чопқир отлар, қоплонлар ва бошқа совғалар – ҳурмат ва дўстликнинг рамзий буюмлари – билан қайтиб борганлигини айтади.

Шунингдек, Хитой ҳукмдори Шоҳрухга совға сифатида етти бош ўз ов лочинларини юбориб, улардан шахсан ўзи овда фойдаланганини ёзиб ўтади. Ҳукмдорнинг мактубда қайд этишича, Хитойда лочинлар йўқ бўлиб, улар ҳукмдорга ҳадя сифатида денгиз соҳилларидан олиб келинади. Хат сўнгида юборилган нарсалар камроқ бўлса-да, ҳар ҳолда икки ҳукмдор дўстлигини мустаҳкамлайдиган ваъж бўлиб хизмат қилишига умид қилинади.