Хитой буюк тарихга эга. Эҳромлари билан машҳур Мисрнинг гуллаб яшнаган пайтида ҳам Хитой бор эди, Рим, турк империялари даврида ҳам, советлар иттифоқи қудратга кирганда ҳам Хитой бўлган. Аммо кўҳна тарих билан миллиарддан ортиқ аҳолини боқиб бўлмайди. Ўтган асрнинг ярмига келиб дунё иқтисодиёти тикланаётган пайтда Хитой аввал Япон империяси зулмидан эзилди, кейин тузумлар алмашиб, дўст кўринган иттифоқ билан ёвлашиб кўрди. Коммунизм қулоч ёзиши, сиёсатда катта ўзгаришларга қарамай иқтисод ўта ночор эди. Янги тузум «катта сакраш» сиёсатини олиб бораётган, осмондаги юлдузларни кўзлаётган 1959-1961 йилларнинг ўзида ҳосилдорлик 30 фоизга пасайди, очликдан ҳалок бўлганлар сони турли маълумотларга кўра 20-35 миллион кишидан ортди.
Шунга қарамай мамлакат бошқарувида бўлган Мао Цзедуннинг ҳокимиятига путур етмади, аксинча у кейинчалик, ҳатто ҳозирги кунга келиб ҳам замонавий Хитойнинг асосчиси, ақлли доҳий сифатида улуғланишда давом этди. Бугунги кунда Хитой раҳбарияти Маонинг сиёсатини 70 фоиз тўғри, 30 фоиз ўша даврдаги вазиятдан келиб чиққан хатолар дея ҳисоблайди ва унинг шахсиятига нисбатан қоралашларнинг олдини олади.
Хуллас, Хитой узоқ йилларни фақат очликни енгишгагина сарфлади ва улкан аҳолисига қарамай ҳеч ким бу давлатни ўзига жиддий рақиб сифатида кўрмади. Аммо сўнгги 40 йилда барчаси ўзгариб кетди – умумиқтисодий кўрсаткичлар бўйича Хитой Буюк Британия, Франция, Германия ва иккинчиликнинг мутлақ эгаси сифатида қараладиган Японияни ҳам ортда қолдириб кетди. Нафақат давлат бойиди, балки 700 миллион одам қашшоқликдан қутқарилди. Хитой 1990-йиллардаги Осиёдаги инқироз, 2007 йилдаги жаҳон молиявий инқирозидан ҳам айтарли зарарларсиз чиқди ва деярли 20 йил давомида 7-12 фоизлик ўсишни қайд этиб борди. Ҳеч бир йирик давлат қисқа муддатда бундай кўрсаткичларга эриша олмаган.
Хўш, бу мўъжизанинг сири нимада?
1. Хитойликлар
Узоқ йиллар Хитой улкан аҳоли ресурслари ортидан арзон ишчи кучи манбаи бўлиб келди. Ҳалигача кўпчиликнинг фикрича хитойлик ҳеч бўлмаса ўрта маълумотга эга бўлмаган, арзимаган пулга қаноат қилиб ишлайверадиган, ўзи ташаббус кўрсатмай буюрилган ишни қулоқ қоқмай бажарадиган ишчи ҳисобланади. Лекин бугунги кунда асло ундай эмас. Ҳозир хитойлик ишчининг баҳоси жуда кўпчилик давлатлардаги ишчилардан юқори. У замонавий технологияларни яхши тушунади, ҳар қандай ишни тез ўрганади, инжиқ эмас ва энг муҳими ниҳоятда меҳнаткаш. Кўпчилик хитойликлар тонгда соат 5:00да уйғониб, ярим тунга қадар ишлашни одатий ҳол сифатида қарашади.
2. Партия ва халқ ҳамжиҳат
Хитойда коммунистик партия ҳукмрон. Бу ерда мантиқ бузилгандек – ахир коммунизм ғояси замонавий дунёда яшаб қолишга қодир эмас, бозор иқтисодиёти тамойилларига зид мафкура туйилади. Аммо Хитойда бунинг ҳам уддасидан чиқишган. Компартия ҳар қандай соҳани назорат қилгани қолда эркин бозор тизимига кенг йўл очиб берган. Бу ҳолат «Хитойдаги ўзига хос социализм» деб аталади ва дунёнинг бирор давлатида учрамайди. Сабаби ўз вақтида социализм ўчоғи бўлган иттифоқ, Куба каби давлатлар сиёсий тизимни ўзгартирмаган ҳолда иқтисодиётни янги йўсинда ривожлантиришга ҳаракат қилишган. Аммо иқтисод ҳам, сиёсат ҳам барбод бўлган.
Ҳозирги кунда Хитой раҳбариятининг бир хил йўналишда давом этиши, ортиқча ва тушунарсиз сайловларсиз ҳукумат алмашинуви хорижий инвесторларни чўчитмайди, аксинча уларни жалб қилади. Чунки ҳар қандай инвестор ўз маблағи тақдирини ўйлайди. Хитойдаги сиёсий барқарорлик унинг сақланишини кафолатлайди.
3. Коррупцияга қарши муросасизлик
Ривожлангани сари Хитой ниҳоятда жиддий муаммо билан курашишига дуч келди. Албатта, коррупция Хитойда ҳамиша бўлган, бор ва катта эҳтимол билан бундан кейин ҳам бўлади. Аммо бойлик миқдори ортгани сари унинг кўлами кескин ортиб кетди. Кечаги халқ хизматига бош эгган каттаю-кичик раҳбарлар туппа-тузук порахўрга айлана боришди. Хитой ҳукумати бунга қарши оддий ва самарали чорани қўллади – одатда отув шаклидаги шафқатсиз жазо. Ўн минглаб юқори даражадаги амалдорларнинг бошига ўқ жойланган, юз минглаби умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган бўлса-да, бу услубдан воз кечилмади. Ҳозир ҳам Хитой қатлни энг кўп амалга оширувчи давлатлардан бири ҳисобланади.
4. Бозор эвазига технология
Хитойнинг 1,5 миллиарддан ортиқ аҳолиси ҳар қандай ишлаб чиқарувчи-ю хизмат кўрсатувчини оҳанрабодай тортмай қолмайди. Аммо чек-чегараси йўқ бу бозор имкониятларидан фойдаланишнинг қатъий шартлари бор. Йирик корпорациялар Хитой бозорига кириш учун ишлаб чиқаришнинг ҳеч бўлмаса бир қисмини шу давлатга кўчириши ва ўз технологик сирлари билан бўлишишлари шарт. Акс ҳолда эшиклар ёпилади. Дастлаб мажбурликдан бу шартларга рози бўлганлар ҳозир ўз ихтиёрлари билан ишлаб чиқаришларини кўчирмоқдалар. Масалан, Apple корпорацияси ишлаб чиқаришни деярли тўлиқ Хитойга кўчирган, асосий технологиялари ҳам шу давлатда қўлланилади. Ҳозирда Хитойда 70дан ортиқ йирик иқтисодий-технологик ҳудудлар фаолият юритади.
Бу ҳолатни қуйидаги мисол билан тушунтириш мумкин. Apple фаолияти билан танишаётган АҚШ президенти Барак Обама ҳамда компания раҳбари Стив Жобс ўртасида шундай суҳбат бўлиб ўтган (мазмунан ёзилмоқда):
– Нега ишлаб чиқаришни АҚШга қайтармайсизлар? Ахир биз ҳам Хитой ҳукумати таклиф қилаётган имтиёзларни беришга тайёрмиз-ку.
– Жаноб президент, гап фақат арзон ишчи кучида эмас. Маҳсулотларимизнинг кўплаб қисмларини биз Хитойнинг ўзидан харид қиламиз. Уларни ташиб келтириш қимматга тушади. Хитойда бутун бир шаҳарлар биз каби компанияларнинг ишлаб чиқаришига мослашган. Масалан Шэньчжэн шаҳридаги Foxconn заводида миллиондан ортиқ хитойлик ишчилар ишлашади ва уларнинг чорак қисми фақат iPhone йиғиш билан шуғулланади. Улар суткасига 12-14 соат ишлашга тайёрлар.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ишлаб чиқариш ҳажми кескин ошган пайтларда биз икки-уч ҳафта ичида 2-3 минг нафар муҳандис, 10-15 минг нафар ишчини ишга қабул қилишимиз зарур, йўқса буюртмаларга улгурмаймиз. Хитойда бу муаммо туғдирмайди. Аммо ҳозирча АҚШнинг бирор шаҳри ишчи етказиш ҳажми бўйича бундай салоҳиятга эга эмас.
5. Арзон юан
Кўпчилик давлатларда миллий валюта қадри учун курашилса, Хитой ўз юани қадри ошиб кетмаслиги учун барча чораларни кўради. Чунки айнан мана шу услуб экспортни қўллаб-қувватлашда катта роль ўйнайди. Ўзаро савдо қилувчи давлатлар Хитойнинг бу чорасидан шикоят қилишса-да, бу сиёсат ўзгартирилмайди.
6. Made in China
Хитой хомашё харид қилиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга энг кучли ихтисослашган давлат.
Шу ўринда бир латифа ёдга тушади:
– Дунёда энг кўп ёзиладиган уч сўзли жумлани айт-чи?
– «Мен сени севаман».
– Адашдинг. Made in China!
Ҳозир Хитой ишлаб чиқармаётган бирор маҳсулот йўқ. Ҳатто ўзида ишлаб чиқарилган фазовий ракетани учиришга ҳам улгурди. Ҳанузгача кўпчилик Хитой маҳсулотини сифатсиз деб қарайди. Бу мутлақо нотўғри. Чин давлати ишлаб чиқарувчилари ҳар қандай чўнтакка мос маҳсулот ишлаб чиқарадилар. Ривожланаётган давлатлар эса энг арзонини олиб кириб сотишга ҳаракат қиладилар ва табиийки шундай фикр шаклланади. Сифатли маҳсулотлар ҳам жуда кўп, фақат кўпроқ тўлаш керак.
Кечагина қўл меҳнати билан очликдан қутулган, бошқа давлатларнинг технологиялари ёрдамида ишлаб чиқаришини йўлга қўйган Хитойнинг ўзи бугун бутун дунёга юқори технологиялар сотмоқда.
7. Истеъмолчилар уммони
Очлик ва қашшоқликни унутган юзлаб миллион хитойликлар бугун катта истеъмолчиларга айланишган. Ҳозир Хитой қимматбаҳо маҳсулотларнинг энг йирик бозори номини АҚШ билан талашмоқда. Ички бозорнинг йилдан-йилга кенгайиб бориши ҳам Хитой иқтисодиётининг ривожланишига кўмак бўлмоқда.
Қизиқ факт: 2017 йил якунидаги маълумотларга кўра Хитойда бойлиги 1,5 миллион доллардан ортган 1,5 миллион нафардан ортиқ миллионер ва 1000 нафарга яқин миллиардер мавжуд. Уларнинг умумий бойлиги 25 триллион АҚШ долларидан ошиқ.
Манба: Kun.uz