Хитой ҳукумати одамларга машина сотиб олиш учун пул беришни бошлади

Хитой ҳукумати ҳозир оғир кунларни бошдан ўтказаётган миллий автомобилсозлик соҳасини қўллаб қувватлашнинг оқилона йўлини топди. Мамлакат фуқароларига янги машина сотиб олиш учун $1,4 минггача субсидиялар берилмоқда.

Коронавирус пандемияси сабабли 2020 йилнинг илк чорагида Хитойда автомобиллар савдоси 2019 йилдагига солиштирганда 42 фоизга пасайиб кетди, дейилади Хитой автомобилсозлар уюшмаси хабарида.

Энг ёмон кўрсаткич февраль ойига тўғри келди, сотув ҳажми 79 фоизга пастлади: 1,4 млрд. аҳолига эга мамлакатда атиги 310 минг дона автомобиль сотилди.

Март ойида пасайиш 43 фоизга тенглашди.

Автомобилсозлик — Хитой иқтисодиётининг асосий устунларидан бири. 40 миллиондан ортиқ инсоннинг ҳаёти ва фаолияти бевосита шу соҳага боғланган: автомобиль ишлаб чиқарувчилар йилига Хитой иқтисодиётига $1 триллион туширади, бу жами ишлаб чиқаришнинг қарийб 10 фоизи демакдир.

Жаҳон автобозорида ҳам Хитойнинг ўрни катта. Масалан, «Volkswagen» ҳамда «General Motors» машиналарининг 40 фоизини хитойликлар сотиб олишади.

Чин юртида автомобилсозлик соҳаси қаддини ростлаётган кўринади, аммо инқироздан олдинги тезликка чиқишига ҳали бор. Негаки, коронавирус эпидемияси бошланмасидан аввалроқ Хитойда янги автомобилларга талаб пасая бошлаган, 2019 йилдаёқ савдода камомад 8 фоизни ташкил этганди.