Хитойдан Ўзбекистонга яна бир гуманитар ёрдам келди

Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизматининг хабарига кўра, Хитойлик 15 нафар шифокор ва тиббиёт мутахассисидан иборат гуруҳ бортида бўлган самолёт Тошкентга келиб қўнди.

Хитойлик мутахассислар мамлакатимизда COVID-19нинг олдини олиш, назорат қилиш ва даволашни ташкил этишда юртимиз тиббиёт ходимларига яқиндан кўмаклашади.

Тиббий гуруҳ таркибига вирусолог, эпидемиолог, пульмонолог, терапевт, жарроҳ ва юқумли касалликлар бўйича мутахассислар киради. Улар орасида жорий йилнинг январь-февраль ойларида Хитойда коронавирусга қарши миллий кураш доирасида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун тўғридан-тўғри COVID-19нинг тарқалиш марказига – Ухан шаҳрига ва Хубэй провинциясининг бошқа шаҳарларига юборилган етакчи клиникаларнинг тажрибали шифокорлари ҳам бор.

Шунингдек, самолётда тахминан 290 минг долларга тенг гуманитар ёрдам рўйхатида ИВЛ аппарати, тиббий ниқоблар, тест-тизим, ҳимоя халатлари ва ҳимоя кўзойнаклари ҳамда дори-дармонлар бор.

Хабарингиз бор, яқинда юртимизга коронавирусни даволаш учун зарур дори-дармонлар ва тиббий жиҳозлар келтирилиб, Хитой Фанлар Академиясининг Шинжон физик-кимёвий техника ва Шанхай фармацевтика институтларидан юборилган тўрт номдаги жами 50 минг қадоқ дори препаратлари ўрин олган эди.