Шавкат Мирзиёев Хитой халқаро кўргазмасининг очилиш маросимида нутқ сўзлади (видео)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 4 ноябрь куни Шанхай шаҳрида «CIIE-2020» Импорт маҳсулотлари учинчи Хитой халқаро кўргазмасининг очилиш маросими иштирокчиларига видеоалоқа орқали мурожаат йўллади.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида ЭКСПОдек йирик тадбирнинг ўтказилаётгани Хитойнинг миллий иқтисодиётни тиклашда эришаётган муваффақиятларидан ҳамда кенг кўламли халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик ниҳоятда зарур эканидан далолат беришини таъкидлади.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти глобал инқироз шароитида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим масалаларига тўхталиб ўтди.

Ўзбекистонда миллий иқтисодиётни либераллаштириш, ташқи савдо режими ва экспорт-импорт тартиб-таомилларини соддалаштириш, норматив-ҳуқуқий базани халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш, “яшил йўлаклар”ни шакллантириш, Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш, янада қулай инвестиция муҳитини яратиш борасида изчил кўрилаётган чора-тадбирлар қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев транспорт соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва Марказий Осиё транспорт-транзит салоҳиятини кенгайтириш муҳим устувор йўналиш бўлиб қолаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон минтақавий ва ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш учун кенг истиқболлар очиб бераётган “Бир макон, бир йўл” ташаббусини фаол қўллаб-қувватлаётгани, Марказий Осиё, Буюк ипак йўли даврида бўлганидек, Европа ва Осиё ўртасидаги савдо-иқтисодий ва транспорт-транзит йўлакларининг хабига айланиши мумкинлигига ишонч билдирилди.

Марказий ва Жанубий Осиё темир йўллари тизимларини боғлайдиган янги транспорт йўлакларини яратиш борасидаги ташаббус катта аҳамиятга эга экани, бу Евроосиё қитъасидаги қуруқлик транспорти тизимини туташтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари мамлакатимиз Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон янги мультимодал транспорт йўлаги бўйлаб темир йўл қуриш лойиҳасини тезлаштириш тарафдори эканини қайд этди.

Бундан ташқари, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида “қуруқликдаги портлар”, логистика ва улгуржи-дистрибьюторлик марказларининг интеграциялашган тармоғини шакллантириш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш таклиф этилди.

Ушбу ташаббусларнинг аҳамиятини ҳисобга олиб, БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш таклифи шериклар ва халқаро ташкилотлар томонидан фаол қўллаб-қувватланишига умид билдирилди.

Ўзбекистон саноат кооперациясини фаол ривожлантириш, биринчи навбатда, минерал-хомашё ресурсларни чуқур қайта ишлаш ва экспорт бозорларига чиқиш учун юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича янги қўшма корхоналар ташкил этишга тайёр экани қайд этилди.

Шу мақсадда саноат кооперацияси бўйича қўшма дастур қабул қилиш ҳамда қўшма инвестиция фондлари, сармояларни кафолатлаш ва суғурталаш каби воситалар ёрдамида икки мамлакат бизнес вакилларини аниқ лойиҳаларни амалга оширишга рағбатлантириш таклиф этилди.

Давлатимиз раҳбари маросим иштирокчилари эътиборини пандемия шароитида иқтисодиётни рақамлаштириш жараёнларини тезлаштириш алоҳида долзарб аҳамият касб этганига қаратди.

Шу муносабат билан, Халқаро савдо, божхона расмийлаштируви, транспорт, таълим соҳаларига ахборот технологияларини кенг жорий этиш бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ғояси илгари сурилди.

Ўзбекистон Президенти пандемия оқибатида келиб чиққан глобал ижтимоий-иқтисодий инқирозни енгиб ўтиш учун икки томонлама ва минтақавий даражада янада яқин мувофиқлашув ва ҳамкорликка ўткир зарурат борлигини таъкидлади.

Ишлаб чиқариш суръатларининг пасайиши, тиббий товарларга эҳтиёжларнинг ортиши, молиявий беқарорлик ва глобал етказиб бериш занжирларининг бузилиши шароитида ҳеч бир мамлакат якка ҳолда пандемиянинг салбий оқибатларини енгиб ўта олмаслиги алоҳида қайд этилди.

Сўзининг якунида Президент Шавкат Мирзиёев кўргазма иштирокчилари фаолиятига муваффақиятлар тилади ҳамда  ЭКСПО якунлари жаҳон савдосини тиклаш ва халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш жараёнига қўшимча суръат бағишлашига ишонч билдирди.

Маросимда Сербия, Чили, ЖАР президентлари, Испания ва Покистон ҳукуматлари, қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳам мурожаат йўлладилар.

Импорт маҳсулотлари учинчи Хитой халқаро кўргазмаси доирасида 5 ноябрь куни Шанхай шаҳрида Ўзбекистон-Хитой бизнес форумини ўтказиш режалаштирилган. Унда Хитойнинг йирик савдо ва инвестиция компанияларидан 150 нафарга яқин вакил иштирок этади.

Форумда Ўзбекистоннинг инвестициявий, экспорт ва туризм салоҳияти намойиш этилади. Хусусан, Хитой ишбилармон доиралари нефть-газ, тўқимачилик, кимё, электротехника, металлургия, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш тармоқларида ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликнинг янги имкониятлари билан танишади.

Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистондаги қулай ишбилармонлик муҳити, эркин иқтисодий зоналар ҳудудида бизнес юритиш, иқтисодиётнинг турли соҳаларини ривожлантиришда эришилган муваффақиятлар тўғрисида ҳам маълумот берилиши кўзда тутилган.

president.uz

Бошқа хабарлар | 其他新闻

«Бир макон, бир йўл» — халқаро ҳамкорликнинг янги модели
Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Давлат бошқаруви академияси ҳамда Хитойнинг Шанхай ижтимоий фанлар академияси билан биргаликда “Ўзбекистон ва Хитой: ...
Ўзбекистон — Хитой: ҳамкорликнинг янги босқичи
Истиқлол йилларида Ўзбекистон халқаро майдонда тинчлик ва ҳамкорликка асосланган прогрессив ташқи сиёсат юритиб келмоқда. Қисқа давр ичида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, уни халқаро ...
“Буюк ипак йўли карвонсаройлари” лойиҳаси ишга туширилди
Хитойда ўтаётган Евроосиё иқтисодий форуми доирасида Самарқанд шаҳри ҳокими ўринбосари Э.Ражапов, Бухоро шаҳри ҳокими ўринбосари К.Давронов, Хива шаҳар ҳокими ўринбосари Ҳ.Бобоев, “Ashina Group”компанияси директори ...
Темурийлар давлатидан Хитойга юборилган элчилар “минглаб офатлар дарёси”дан қандай ўтган?
1420 йил (бундан 600 йил олдин) – Темурийлар давлатидан Хитойга юборилган 530 кишилик жуда катта элчилар гуруҳи катталикда Амударёга тенг келадиган Қорамурон дарёсига етиб ...
Лойиҳа истиқболлари
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Давлат бошқаруви академияси томонидан Шанхай Ижтимоий фанлар академияси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон – Хитой: “Бир ...
Пекинда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилмоқда
Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикалари ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилиб, давлатлараро даражадаги ташрифлар сони ошиб бормоқда, маданий алоқалар мустаҳкамланмоқда. Жорий йилнинг апрель ойида ...
Хитой-Ўзбекистон: инқироз ва юксалиш йўлидаги ҳамкорлик (видео)
Ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам асосида қийинчиликларни енгиб ўтиш—Хитой ва Ўзбекистоннинг эпидемияга қарши умумий кураши ҳақида Йил бошида тўсатдан пайдо бўлган коронавирус келтириб чиқарадиган пневмония эпидемияси ...
“Бир макон-бир йўл” менинг қалбимда”  расмлар кўрик-танлови ўтказилади
Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ҳамкорлигида  “Бир макон-бир йўл” менинг қалбимда” мавзусида болалар ўртасида расмлар кўрик-танлови ўтказилади. Танловда 7 ...
Халқаро ҳамкорликнинг юксак истиқболлари
Бугун мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятидан тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб бормоқда. Ривожланган давлатлар билан йўлга қўйилаётган кенг кўламли ҳамкорлик алоқалари ютуқларимиз янада салмоқли бўлишида муҳим аҳамият ...
Ўзбекистон-Хитой: 10 та энг муҳим воқеа
Сайт ижодкорлари 2018 йилда содир бўлган ўзбек-хитой ҳамкорлигининг 10 та энг муҳим воқеаларини саралаб олди. Марҳамат улар билан танишинг: 1.Ўзбекистон Республикаси Президенти Хитой раҳбари билан ...
Хитой журналистикаси: кеча ва бугун
Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикасининг ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилганига 25 йил тўлди Хитой  — энг қадимги тамаддун мамлакатидир. Хитой тамаддуни Шумер, Хараппер, Миср цивилизациялари билан ...
Хитойда навбатдаги халқаро форум бўлиб ўтади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан жорий йил 24-27 апрель кунлари “Бир макон, бир йўл” иккинчи халқаро ...