Конфуций милоддан илгари тахминан 551—471-йилларда яшаган. Унинг бутун дунёда машҳур бўлган номи «кун» ва «фуцзи» сўзлари асосида ясалган «Кун» ҳозирги вақтда фамилияни англатувчи сўз бўлса, «фу» файласуф, «сзи» ўқитувчи маъноларини ифодаловчи сўзлардир. Яъни Конфуций «фалсафа ўқитувчиси» деган сўзларнинг фамилия мақомини олган шаклидир.
Конфуций яшаган даврдан «Тўрт асос» ва «Беш асос» деган улкан ёзма ёдгорликлар сақланиб қолган. «Беш асос» Конфуцийга қадар яратилган «Қўшиқлар китоби», «Таомиллар китоби» («Маросимлар китоби»), «Ривоятлар китоби» ва «Фолбинлик китоби» («ўзгаришлар китоби») сингари қисмлардан иборат бўлган. Лекин бу китобларнинг барчаси конфуцийлик таълимоти асосида қайта ишланган ва Конфуций таълимотининг моҳиятини очишга хизмат қилиб келган. «Тўрт асос» эса Конфуций «Ҳикматлар»идан ташқари, «Менсзи» («Мен-муаллим»), «Буюк таълимот» ва «Оралиқ ҳақидаги таълимот» сингари Конфуций шогирдларининг ҳикматли сўзларидан ташкил топган.
Конфуций таълимоти марказида «мурувватли зот» туради. У ҳукмрон табақанинг идеал вакили бўлиб, Конфуций таълимоти ёрдамида ўзида жамият фаровонлигини таъминлай ва маънавий асосларини ифодалай оладиган олижаноб фазилатларни шакллантирган. Конфуций «Ҳикматлар»и «мурувватли зот»нинг шундай юксак инсоний фазилатларини акс эттиради.
Аниқроқ айтсак, бу зот олий ҳукмдорга нисбатан чуқур эҳтиромли, халққа эса мурувватли бўлувчи, бутун куч ва қобилиятини жамият олдидаги бурчини оқлашга, миллий урф-одат ва анъаналарнинг тўла-тўкис бажарилишини таъминлашга сарф этувчи кишидир. Шунинг учун ҳам унинг ўгитлари, панд-у насиҳатлари Хитойда ҳанузга қадар эъзозланиб ва қадрланиб келади.
Манба: ziyouz.uz