Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин таклифига биноан, 4 февраль куни Пекинда бўлиб ўтадиган қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, етакчи халқаро ташкилотлар раҳбарлари қаторида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этади.
“Синьхуа” ахборот агентлиги маълумотига кўра, Хитой раҳбари 4-6 февраль кунлари Пекинда 2022 йилги қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этади, шунингдек, хорижий давлатлар етакчилари, ҳукумат раҳбарлари, қироллик оилалари аъзолари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари шарафига қабул маросими ўтказади.
Меҳмонлар орасида Россия, Сингапур, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Миср, Польша, Аргентина раҳбарлари, Камбоджа қироли, Қатар амири, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси, бошқа қатор давлатлар етакчилари, Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебреесус бор.
Олимпия ўйинлари 4-20 февраль кунлари, Паралимпия ўйинлари эса 4-13 март кунлари бўлиб ўтади.
Фото: news.cn