Хитой тили “энг оммабоп” тилдир, яъни дунёда энг кўп халқ сўзлашадиган маъносида. Албатта хитойликларнинг сонидан келиб чиқадиган бўлсак, бу айнан ҳақиқат. Шу билан биргаликда у дунёда ўрганиш учун энг қийин тиллардан бири ҳамдир.
Хитой кўп миллатли давлат бўлгани учун унда син тибет, тай, австро-осиё ва олтой сингари тил оилалари мавжуд. Хитой тили (уни дунёда Mandarin, Хитойнинг ўзида «putunghua» дейишади) син-тибет тил оиласига мансубдир. ХХРда миллатлараро мулоқот воситаси деб тан олинган путунхуада ханлар, хуэй ва манчжурлар гаплашадилар. Бу тил давлатнинг таълим тизими соҳаси барча босқичларида ҳамда оммавий ахборот воситаларида фаол қўлланилади. Хитой тили оҳангга асосланган тилдир.
Путунхуада 4 асосий оҳанг бўлиб, унда сўзларни тўғри талаффуз қилиш ҳар бир чет эллик учун жуда мураккаб. Бундан ташқари, мамлакатда кўплаб диалект ва шевалар мавжуд бўлиб, улар 8 гуруҳга ажратилади.
Қолган 53 миллат вакиллари ўз она тилларидан фойдаланишади, шундан 22 миллат ўз тили учун турли 28 ёзув турларини ишлатади.
Ўзбекистонда хитой тилига қизиқиш тобора ошмоқда. Бу аксарият ҳолатда Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикаси билан дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларининг ривожи билан ҳам белгиланади.Ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ҳуқуқий базасини 2005 йилда имзоланган Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари тўғрисидаги шартнома, 2010 йилдаги Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатларини ҳар томонлама чуқурлаштириш ва ривожлантириш тўғрисидаги қўшма декларация, 2012 йилдаги Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма декларация, 2013 йилдаги Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги Қўшма декларация, 2014-2018 йилларга мўлжалланган Стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш дастури ҳамда 2016 йилда имзоланган Қўшма баёнот ташкил қилади.
Марказий Осиёда биринчи бўлиб Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида очилган Конфуций институтлари юртдошларимизни хитой тили ва маданияти билан яқиндан таништириб келмоқда. – Муассасамиз Хитойнинг ўндан зиёд ўқув юрти билан ҳамкорликни йўлга қўйган, – дейди Тошкент давлат шарқшунослик институти хитойшунослик факультети декани Сабоҳат Ҳошимова. – Мингдан ортиқ талабамиз хитой тилини ўрганмоқда. Институтимиз қошида фаолият олиб бораётган Конфуций институти ўқувчилари сони эса 600 нафардан ошган. Бу юртимизда ёшларнинг хитой тилини ўрганишга бўлган қизиқиши ортиб бораётганидан далолат.
Бундан ташқари, мамлакатимиздаги олий ўқув юртларида хитой тилини ўқитиш бўйича факультетлар, замонавий марказлар ташкил этилган.