Конфуций ҳикматлари

Устоз айтарди:
— Ота-онангизнинг хизматини адо этаётганда, уларга оҳиста сўйланг. Агар улар сизнинг айтганларингизни қилишни истамаётганликларини кўрсангиз, бари бир тавозеда тураверинг ва одоб қоидаларини бузманг. Ҳатто қон ютиб турган бўлсангиз ҳам, койинганингизни билдирманг.


Мен Сун устоздан фарзандлик бурчи нима, деб сўради. Устоз жавоб берди:
— Тузукдан чиқмаслик.
Фан Чи от аравани ҳайдаб борарди, шунда Устоз айтди:
— Мен Сун мендан фарзандлик бурчи нима, деб сўради. Мен унга: тузукни бузмасликдир, деб айтдим.
— Бунинг маъноси нима? — деб сўради Фан Чи.
Шунда Устоз жавоб берди:
— Ота-она тириклигида уларга яхши хизмат қилмоқдир. Қазо қилсалар — кўмиб келмоқ ва зарур расм-русумларни адо этмоқликдир.


Устоз айтарди:
— Агар ўқисанг-у ўйламасанг — чалкашиб қоласан. Агар ўйласанг-у ўқимасанг — шубҳа-гумонлар тагида қолиб кетасан.


Устоз айтарди:
— Ота-онангиз тирик экан, улардан узоқ кетманг. Агар бориш зарур бўлиб қолса, қаерга боришингизни уларга маълум қилиб кетинг.


Устоз айтарди:
— Қадимларда кам сўйлашарди, ўз сўзларининг ортидан етолмай қолишдан қўрқишарди.


Устоз айтарди:
— Эҳтиёткор одамлар камдан-кам хато қиладилар.


Устоз айтарди:
— Муносиб хулқли киши сўзларни шошилмасдан сўйлагани маъқул ва ишларни жадал адо этмоғи афзал.


Ян Юан ҳақиқий одамийлик нима, деб сўради.
— Одам ўзини тута билиши ва адаб таомилларига риоя этиши керак, — деб жавоб берди Устоз, — мана шу чинакам одамийлик бўлади. Бир сафар ўзингни тутишга ўргансанг ва адабга риоя қилган ҳолда ҳаракат қилсанг, шунда бутун Осмон сени одамий экан, деб атайди. Одамий бўлиш ёки бўлмаслик фақат кишининг ўзигагина боғлиқ, — ахир бу нарса бошқаларга боғлиқ бўлиши сира ақлга тўғри келадими?
— Марҳамат қилиб айтинг-чи, бунга қандай эришса боиади?
Устоз айтди:
— Адабга зид нарсаларга қараманг. Адабга зид нарсаларни эшитманг. Адабга хилоф нарсаларни гапирманг. Адабга хилоф нарсаларни қилманг.


Муаллим айтди:
— Ўқиш ва доим баркамолликка интилиш яхши эмасми? Узоқдан дўстларинг келса, қувонмайсанми?


 

Муаллим шундай деди:
— Гапга чечанлик ва ёқимли чеҳра ҳамма вақт ҳам инсоний фазилатни билдиравермайди.


Муаллим айтарди:
— Агар олижаноб одамда қатъият етишмаса, унда салобат ҳам бўлмайди, демак, у билим олишга иштиёқманд эмас. Муҳими — ҳалол ва тўғри сўзли бўл, маслакдош бўлмаганлар билан дўстлашма ва камчиликларингни тузатишдан қўрқма.

 


Муаллим деди:
— Агар олижаноб киши овқат пайти нафсини қондиришни ўйламаса, уйдалигида саранжом-саришталик ҳақида бош қотирмаса, иш жараёнида абжир бўлса, ўйлаб гапирса ва йўлини топиб олганлар билан яқинлашиб, ўзини ўнглаб олса, ундайларўқишни яхши кўрганлардан саналади.


Муаллим айтди:
— Одамларнинг сени билмаганлигига хафа бўлма, балки ўзинг одамларни билмаганлигинг учун хафа бўл.


Конфуцийнинг шогирди Цзию, “Фарзанд одоби нима?” деб сўради.
Муаллим жавоб қилди:
— Ҳозир фарзанд одоби, деганда фақат ота-оналарга меҳр кўрсатиш, уларга қараш тушунилади. Ҳайвонлар ҳам парвариш қилинади-ку. Иззат-икром кўрсатилмайдиган бўлса, бу иккисида фарқ бўлмайди.


Муаллим айтди:
— Одамгарчилик бор жойда — ҳамма нарса гўзал. Қандай қилиб ақлли одам имкони бўла туриб, бу жойларга ташриф буюрмасин?


Муаллим айтди:
— Одамгарчиликка интилиш инсонни барча ёмонликлардан қайтаради.


Муаллим айтди:
— Ҳар ким ўзининг ғаразгўйлиги туфайли адашади. Одамнинг хатосига қарасанг — унинг одамгарчиликдаражасини билиб оласан.


Муаллим айтди:
— Олижаноб инсон хайрихоҳлик кўрсатишга интилади, авом одам ўз ерини соғинади. Олижаноб инсон жазоланишни афзал кўради, авом одам раҳм-шафқатга умид қилади.


Муаллим айтди:
— Ўз ўрнингни топа олмасанг, ғам ема. Камол топмаганлигинг ҳақида қайғургин. Сени ҳеч ким танимаса, ғам ема, аммо машҳур бўлиш учун доимо интил.


Муаллим айтди:
— Ота ва онанинг ёшини билмаслик мумкин эмас; бу ўғил учун ҳам қувонч, ҳам ташвиш.


Муаллим айтди:
— Оғир, босиқ одамнинг хатоси ҳам кам бўлади.


 

Муаллим айтди:
— Олижаноб киши содда гапиришга, моҳирлик билан ишлашга интилади.


 

Муаллим айтди:
— Яхши фазилат ёлғиз бўлмайди, албатта, унинг қўшниси ҳам бўлади.


Муаллим айтди:
— Мен ҳозирча мустаҳкам, букилмас иродали одамларни учратмадим.
Кимдир айтди:
—Шогирдингиз Шэнь Чен…
Муаллим эътироз билдирди:
— У шунча кўп нарсани хоҳлайдики, қандай қилиб иродали бўлсин!


Жан Цю айтади:
— Сизнинг йўлингиз менга ёқади, лекин менинг кучим етмайдиганга ўхшайди.
Муаллим айтди:
— Кучи етмаганлар ярим йўлда қолиб кетади. Сен бўлсанг, ҳали қадам ташлаганинг ҳам йўқ.

Манба: ziyouz.uz