Хитой – газетхон мамлакат

Фото: ru.minghui.org

Расмий маълумотларга кўра, 2013 йил охирида ХХР да 1915 та газета чоп этилган. Унинг 400 таси партия нашрлари, 300 таси шаҳар ва район газеталари, қолганлари эса тармоқ ва соҳаларга ихтисослашган. Газета адади жихатидан Хитой сўнгги ўн йилларда дунёда биринчи ўринда. Дунёнинг ададли энг кўп 100 та газетасининг тўртдан бири Хитойга тегишли эканининг ўзи ҳайратланарлидир. Масалан, “Женьмин жибао” 3,5, унинг “Янгиликлар” иловаси 2,9 миллион нусхада чоп этилади. Бир қанча газеталар аллақачон йирик холдинг компанияларга айланганлар. “Чэнду кундалик газетаси”, “Чжэцзян кундалик газетаси”, “Гуанджо кундалик газетаси”, “Хэнан кундалик газетаси”, “Да жанг кундалик газетаси” кабилар шулар жумласидандир. ХХР босма нашрлари 2013 йил якунига кўра 77,7млд юань (13,1 миллиард доллар) фойда, 8,77 млд. юань (1,39 миллиард доллар) соф фойда кўрганлар.

Хитой – газетхон мамлакат. Бу ерда унга обуна бўлмаганлар ҳам газета ўқишади. Айнан газеталарнинг янги сони билан танишиш, уни ўқиш учун мамлакатда 16,8 млд. юань(2,8 миллитард доллар) сарфланиб, 600 мингта махсус газета ўқиш хоналари (кутубхоналар каби) қурилган.

2013 йил расмий маълумотларида мамлакатда радио тўлқинларини 97,8 фоизи, телетасвирларни 98,5 фоиз қабул қилиш имкони мавжудлиги таъкидланади. Телерадио тўлқинларни тарқатувчи 2568 та марказ фаолият кўрсатмоқда.

Фото: inosmi.ru

Хитойда “Синхуа” ва “Chinanews” каби қудратли ахборот агентликлари мавжуд. Биргина “Синхуа” дунёнинг 201 та мамлакатида ўз мухбирлик бўлимларига эга.

1994 йил апрель ойида Хитой оммавий ахборот воситалари сафига расман Интернет кириб келди. 2014 йил июнь ойидагина Хитойда 632 миллион киши интернет тармоғидан фойдаланувчи сифатида рўйхатдан ўтган. Мамлакатнинг энг оммавий “Синхуа”, “people.com.cn”, “Sina.com”  интернет сайтларида бир кеча кундузда турли тилларда 10 мингга яқин ахборот тарқатди. Ҳозирга келиб интернетнинг ижтимоий тармоқларида шахсий кузатув, воқеликка муносабат ва ахборот эълон қилаётган сони 275 миллиондан ошган!

Фото: mirtesen.ru

Хитой коммунистик партияси мамлакат медиатизимлари ривожланиши учун шароит яратмоқда. 2014 йил 18 августда ХКП МКнинг “Анъанавий ва замонавий медиатармоқларини уйғунликда ривожлантириш тўғрисида”ги қароридан сўнг босма ва электрон оммавий ахборот воситалари тузилмаларида янги босқичга кўтарилиш кузатилмоқда. Мамлакатнинг барча халқ, миллат ва қавмлари тили ҳамда ёзувидаги матбуот замонавий технологиялар билан таъминланди. Миллий мутахассис – журналистлар тайёрлаш Давлат дастури амалга татбиқ этилди. Жумладан, Шинжон Уйғур Автоном районида ҳам бугун ўнлаб газеталар уйғур, қозоқ, қирғиз тилларида уларнинг қадимий араб графикасига асосланган ёзувида чоп этиляпти. Шу тилларда телеканаллар, радиоканаллар ишлаб турибди.