Хитой Раиси Ўзбекистон Президентини дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги билан табриклади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Президент жаноблари!
Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан Хитой ҳукумати ва халқи номидан ҳамда шахсан ўз номимдан Сизга ва Сиз орқали дўст Ўзбекистон халқига самимий табриклар ва энг эзгу тилакларимни билдиришга ижозат бергайсиз.
Дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ўтган 30 йилда Хитой-Ўзбекистон алоқалари изчил ривожланиб, муваффақиятларга эришди ҳамда тинчлик-тотувлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик руҳидаги давлатлараро муносабатларнинг ёрқин намунасига айланди. Хусусан, мамлакатларимиз ислоҳотлар, очиқлик, тараққиёт ва қайта тикланиш борасида бир-биридан ўрганмоқда ва тажриба алмашмоқда, коронавирус пандемиясига қарши курашишда саъй-ҳаракатларини бирлаштириб, ўзаро ёрдамлашмоқда, бу эса ҳар томонлама стратегик шериклигимизнинг моҳиятини тўлиқ акс эттиради.
Мен Хитой-Ўзбекистон муносабатларининг ривожига катта аҳамият қаратмоқдаман ҳамда дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигидан фойдаланиб, Сиз билан биргаликда мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги йўлида ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларимиз тарихида янги саҳифа очиш мақсадида бор куч ва имкониятларни ишга солишга тайёрлигимини билдираман.
Фаолиятингизга муваффақиятлар ва мустаҳкам соғлик тилайман.
Дўст Ўзбекистонга равнақ ва куч-қудрат, унинг халқига бахт-саодат ва фаровонлик тилайман.
Си Цзиньпин,
Хитой Халқ Республикаси Раиси