Хитой кўп соҳаларда илгарилаб бораётган мамлакатлардан биридир. Хўш, таълим соҳасида-чи? У қай даражада илғор? Хитойда таҳсил олишнинг афзалликлари нимада? Хорижлик талабалар учун қандай имкониятлар бор? Талаба ҳам ўқиб, ҳам ишлаши мумкинми? Бу ҳақида айни пайтда Хитойда докторантурада таҳсил олаётган Нафосат Тожибоева ҳикоя қилиб берди.
Нафосат Тожибоева 2015 йилда Ўзбекистон маданият ва санъат институтини тамомлаган. Шу йили Ҳуазҳонг Фан ва технология университетининг магистратура босқичига ўқишга кирган. Рус, инглиз ва хитой тилларини билади. 2010 йилда «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони билан тақдирланган. Ҳозирда Шанхай журналистика академиясида докторантурада таҳсил олмоқда.
Хитой жуда йирик мамлакат, лекин имкониятлари ҳам шунга яраша. Тилни билган ёшлар учун айни муддао. Шу боисдан ҳозир жуда кўп тил марказлари очилган. Бундай ўқув марказлари орқали ҳақиқатдан ҳам ўқиётганлар, лекин шу билан бирга алданиб қолаётганлар ҳам бор деб эшитдим. Шу сабабли ёшлар Хитойга фақат расмий сайтлардан маълумотлар олган ҳолда қонуний кетишларини маслаҳат бераман.
Мамлакатдаги ҳар бир олий ўқув юрти ўз расмий сайтига эга. Бундан ташқари «Chinesе Government Scholarship», тўлиқ таълим гранти билан ўқимоқчи бўлса, CСC.comга кириб, барча керакли маълумотларни олиш мумкин. Сайт инглиз, рус ва хитой тилларида юритилади.
Ўзбекистонда Конфуций мактаблари, Хитой билан тўғридан тўғри ишлаётган марказлар ҳам бор. Уларнинг ёрдамида контракт асосида Хитойда ўқиш имкониятига эга бўлиши мумкин. Бундан ташқари элчихонадагилар билан ҳам маслаҳатлашиб кўриш керак. Яна бир қўшимча маълумот Facebook’да ҳам «Uzbeks China» каби гуруҳлар бор. Хитойга бормоқчи бўлганлар гуруҳдагилардан ҳам сўраб, йўл-йўриқ олиши мумкин.
Энг аввало, талаба Хитойми, Германиями, умуман, қаерга кетаётганлигини билсин. Қандайдир марказларга ишониб қолмасдан ўзи ҳам сўраб суриштириши лозим. Бораётган мамлакати, ўқишининг яхши ва ёмон томонларини ҳисобга олиб бориши керак. Шуни унутмангки, хорижда ўқиш осон эмас. Айниқса, янги муҳит, менталитет ва бегона одамлар ичида. Ана шу қийинчиликларни олдиндан ҳис қилиб, ўзини тайёрлаб борса, мослашиш жараёни қийин кечмайди, алданиб қолиш каби ҳолатлар ҳам бўлмайди.
Ҳам ўқиб, ҳам ишлаш мумкинми?
Менинг Япония, Корея ва Европа мамлакатларида кўплаб дўстларим бор. Улар контракт асосида таҳсил олгани сабабли ҳам ўқиб, ҳам ишлайди. Кўп давлатлар талабаларга ишлаш ҳуқуқини беради. Фақат Хитой бундан мустасно, хорижлик талабалар ишлаши мумкин эмас. Яъни қонунда бунга рухсат йўқ. Шу боисдан ҳам талабаларга тўлиқ грантда ўқишларини тавсия қилардим. Сабаби грантдан бериладиган пул талабанинг ўқиши ва яшаши учун етади. Агар жуда зарур бўлса, 3-босқични битиргандан сўнг, компанияларда амалиёт ўтаб, шундан оз-моз бўлса ҳам пул топиши мумкин.
Ўзим ҳам ўқиш жараёнида ишламаганман. Фақат ўқиш билан банд эдим. Чунки грантдан оладиган стипендиям харажатларимга етган. Лекин ота-онам ҳам бегона жойларда қийналмасин, деб моддий жиҳатдан қўллаб турганлар. Шу сабабли ўзимда ишлашга иштиёқ бўлмаган. Фақат CCTV ва бошқа давлат компанияларида амалиёт ўтаган пайтим, ижодий ишларим учун гонорар олганман. Компания бошқа давлатларга кўрсатув тайёрлаш учун борганимизда барча харажатларимни қоплаган. Бундан ташқари Хитойдаги «Массмедиа ва фильмлар ишлаш» ва «Бир макон-бир йўл» лойиҳаси доирасида мақолалар ёзиб, эксперт сифатида қатнашганман. Бунинг учун улардан ҳам ҳақ олганман. Мана шу пуллар менга қўшимча ёрдам бўлган.
Мен хитойликларнинг бир жиҳатини жуда ҳурмат қиламан, улар меҳнатларингизни қадрлаб, беҳақ қолдирмайди. Ҳар доим қимматбаҳо совғалар ёки моддий тарафдан қўллаб-қувватлайди.
Шанхай университети ва Шанхай хамкорлик ташкилоти билан «Бир макон-бир йўл» доирасида бир йил давомида элчи сифатида фаолият юритдим. Жамоа билан биргаликда кўп лойиҳаларни амалга оширдик. Оила қурганим сабабли ,афсуски, элчиликни топширишимга тўғри келди. Ҳозир фақат PhD тадқиқотлари ва оилавий юмушлар, қўшимчасига Ўзбекистондаги пиар билан боғлиқ ишлар билан шуғулланяпман. Доимий ишга киришга эса айни пайтда хоҳишим йўқ.
Талабаларга маслаҳатлар!
Хитойга келган бакалаврларга 3 йил, магистрларга эса 1,5 йил қаттиқ ўқишларини маслаҳат бераман. Чунки талаба ўқишда муаммо бўлмаслиги учун вақтини тўғри тақсимлаб олсин.
Хитойда ўқимоқчи бўлганларга энг катта тавсиям, агентликми ёки элчихона орқали кетасизми, грант ёки ўз ҳисобингизданми аҳамияти йўқ. Аввало, бораётган жойингизни яхшилаб суриштириб, имкониятлари билан танишиб, ётоқхонаси, одамлари, қонун-қоидалари, хуллас, ҳамма-ҳаммаси ҳақида тўлиқ билсин. Бўлмаса юқорида айтганимдек, бошқа маданиятлар ичида довдираб қолиши ёки боргандан кейин афсусланишлари турган гап! Хитой бизга яқин давлат эмас. Тили, дини, одамларининг феъл-атвори, турмуш тарзи умуман ўхшамайди. Қисқа қилиб айтганда, талаба барчасига руҳан тайёр бўлиши керак. Чунки мусофирчиликда яшаш осон бўлмайди.