Ўзбeкистон-Хитой алоқалари

Қадим Хитойда ислоҳотлар эволюцияси ва миллий ривожланиш йўлига ўтиб олиш мураккаб кечганидан яхши хабардормиз. «Йўқсиллар отаси» Мао Сзедун 33 йиллик раҳбарлик фаолиятида (1943-76) хизмати шунда бўлдики, оғир дамларда Ғарб империяларининг ҳамлаларига чап бериб, мамлакат яхлитлигини сақлаб қолди.

«Буюк доҳий» вафотидан кейин мамлакат тепасига ишнинг кўзини биладиган арбоб Ден Сяопин (1904-1997) келганидан кейин ҳақиқий ислоҳотларни бошлаб юборди. Қизил шиорлар, баландпарвоз чақириқлар билан халқни тўйдириб бўлмаслигини англаган етакчи иқтисодиётни эркинлаштирди, социалистик жамият тизимига капиталистик бозор муносабатларини дадил олиб кирди. Хусусий мулк давлат ва жамоат мулки деб эълон қилинди, хориж сармоядорларига бир қатор имтиёзлар берилди. «Очиқ эшиклар» сиёсати олиб борилди. Ден Сяопин раҳбарлиги даврида раҳбарият бош мақсади «социализмни ағдариш эмас, балки уни такомиллаштириш ва янгилаш бўлди». У тоталитар тизимни мукаммал демократик тизимга алмаштирди.

«Дарёни кечиб ўтишда оёқ тагидаги тошларни ҳам пайпаслаб кўриш керак», деган фикрлар ҳам Сяопинга тегишли эди. У ҳам коммунист, аммо прагматик бўлиб, Хитойни ривожлантиришга интилар, «ҳамонки мушук сичқонларни овлар экан, унинг қора ёки оқлиги муҳим эмас» деб ҳисоблар эди. Натижа – бугунги биз кўриб турган Хитой шаклланди. Ўттиз йил муқаддам у учинчи дунё мамлакати эди. Бугунги кунда эса Хитой – жаҳоннинг иккинчи иқтисодиётига айланиб, ялпи ички маҳсулоти 20 трлн. доллардан ошиб кетган.

Ден Сяопин сиёсий модернизацияни муваффақиятли амалга оширди.

Тарихий имкониятлар ҳақида сўз борар экан, эрамиздан икки аср муқаддам ҳудудимизга хитойлик дипломат Чжан Сзян келганлиги ва Буюк Ипак йўлига асос солганлигини эсга олиш лозим. Эндиликда хитойликларнинг «Бир макон, бир йўл» деб номланган глобал ташаббуси орқали қитъаларни бирлаштирувчи магистраль қайта тикланмоқда. «Бир макон, бир йўл»ни қуриш бўйича амалий ҳамкорлик йўналишида муҳим натижалар қўлга киритилди.

Хитой — Марказий Осиё газ тармоғи, Ангрен-Поп темир йўл туннели, «Пенг-Шенг» саноат парки, Ангрен ИEС каби йирик лойиҳалар рўёбга чиқарилди ҳамда бу ҳар икки мамлакат халқи ва иқтисодиётига сезиларли фойда келтирди. Айни вақтда, Ангрен шина заводи, Навоий вилоятида поливинилхлорид ишлаб чиқарувчи мажмуа, Шарғун кўмир кони ҳамда бошқа иншоотлар қурилаяпти. 2017 йил охирида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон йўналишида автомобиль йўли очилиши туфайли юк ташиш учун кетадиган вақт анча қисқарди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил май ойида Хитойга тарихий ташрифи доирасида ХХР Раиси Си Сзинпин билан учрашув бўлиб ўтди. Давлат ташрифи якунига кўра, мислсиз катта миқдор – 23 миллиард долларлик келишувларга эришилган эди.

Хитой ва Ўзбекистон томонлари ўша ташрифда имзоланган келишувларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор бераяпти.

Бахтиёр ОМОНОВ,
Ўзбекистон миллий университети профессори,
сиёсий фанлар доктори.

УзА.
Фото: cnganbu.com