Унда ЕвроОсиё ишлари бўйича Хитой ҳукуматининг элчиси жаноб Ли Хуэй Ўзбекистон ҳамда Хитой давлат бошқаруви органлари, юртимиз давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари икки мамлакат ўртасида ҳамкорлик алоқаларини, шу жумладан, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишди.
“Бир макон, бир йўл” — Хитойнинг халқаро ташаббуси бўлиб, у Марказий Осиё, Европа ва Африка минтақасида жойлашган 60 дан ортиқ мамлакатларни ўзаро боғловчи мавжуд иқтисодий йўлакларни янада такомиллаштириш ҳамда янги транспорт ва савдо йўлларини яратишга қаратилган. Ушбу ҳудуддаги давлатлар жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 55 фоизини, глобал энергия захираларининг 75 фоизини ўзида жамлаган.
Конференцияда Ўзбекистон бой табиий, ишлаб чиқариш ҳамда инсон ресурслари тўпланган минтақада транспорт, савдо, инвестиция, энергетика ва юқори технологиялар соҳасида йирик лойиҳалар амалга оширилиши тарафдори эканлиги таъкидланди. Ўзбекистоннинг барқарор ривожланаётган иқтисодиёти, қулай жуғрофий жойлашуви, замонавий транспорт коммуникациялари, сармоя жалб этиш бўйича пухта ҳамда ишончли стратегияси кўплаб давлатлар ишбилармонларининг ҳамкорликка қизиқишини оширмоқда.
Бундан бир йил муқаддам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Пекин шаҳрида бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” форумида мазкур ташаббус ҳар бир давлатнинг ўз имкониятларидан тўла фойдаланиш, иқтисодий жиҳатдан бир-бирини тўлдириш, савдо ҳамда инвестицияларни рағбатлантириш, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш учун кенг йўл очишини қайд этди. Лойиҳанинг рўёбга чиқарилиши дунё тамаддунида Марказий Осиёнинг тарихий мавқеини қайта тиклашга замин яратади.
Экспертлар транспорт-коммуникация, савдо, иқтисодиёт, туризм, илм-фан соҳаларида Ўзбекистон — Хитой ҳамкорлигининг устувор йўналишлари ва истиқболларини муҳокама қилди. Икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун аниқ таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.