Нечта хитой бор?

Хитой- инсоният тақдирини ўзгартирган кашфиётлар, осмонўпар бинолар, яшиликка бурканган тоғлар, буюк Хитой деворининг Ватани. Хитойга Ўзбекистон ОАВ вакиллари билан ҳамкорликдаги ташрифимиз давомида мамлакатни қайтадан кашф этдим десам, муболаға бўлмайди. Бир ҳафталик медиатур давомида ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонаси “Олтин қалам” XII Миллий мукофоти учун халқаро танлов доирасида эълон қилган номинациялари ғолиблари — ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети доценти Наргис Қосимова, “Ўзбекистон 24” телерадиоканали бўлим мудири Шарофиддин Тўлаганов, шунингдек, “Саодат” журнали бош муҳаррири Феруза Жалилова, “Халқ сўзи” газетаси мухбири Зиёда Ашурова, “Tafsilot.uz” сайти бош муҳаррири Жамшид Ниёзов, “Бахтиёр-Шаҳбоз” телеканали (Жиззах вилояти) раҳбари Бахтиёр Эшонқулов, “Ҳуррият” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Элмурод Нишонов ҳамда ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонасининг биринчи атташеси Дай Яънли хоним кузатиб борди. 25 августда бошланган сафаримиз 26 август куни Пекин аэрапортига қўниш билан бошланди. Пекиннинг халқаро аэропорти Шоуду мамлакатдаги энг йирик ва йўловчиларнинг транзити бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. Асосий ҳаво йўналиши Air China компанияси томонидан 120 та мамлакатда рейсларни амалга оширади. Шоуду аэропорти 1958 йил 2 мартда Хитойнинг биринчи аэропорти сифатида ишга тушди. Агарда ўша пайти VIP йўловчилар ва чартер рейсларга хизмат кўрсатувчи битта терминал бўлган бўлса, 1980 йил 1 январидан бир пайтнинг ўзида 10-12 та самолётга хизмат кўрсатадиган янги терминал биноси очилди. 1999 йили Хитой Хлқ Республикасининг 50-йиллигига аэропорт модернизация қилиниб, 2004 йилда 20 сентябрда China Southern Airlines ва бошқа бир қатор авиакомпанияларга хизмат кўрсатувчи 2 терминал очилди. 2008 йилнинг февралида Пекин олимпиадаси олдидан Терминал 3 очилиб, учинчи учиш-қўниш йўлаги қурилди. Ҳар куни аэропорт ўртача 1100 рейсларга хизмат кўрсатади. Шоду аэропортидан зарур текшимрувлардан сўнг шаҳарга чиқишгача бўлган вақт атиги 25 дақиқани олди, холос. Бизни ўзини Миша ( Ван Цзенли) деб таништирган гид кутиб олди. Пекиндаги уч юлдузли меҳмонхонасига жойлашиб, нонушта қилгач, Император саройига қараб йўл олдик. Йўл йўлакай Хитой ҳақида анча маълумотга эга бўлдик.
Хитой Шарқий Осиёдаги энг катта давлатлардан бири бўлиб, жуда ҳам кўп давлатлар ва маданиятларни ўз ичига қамраб олган дунёга машҳур қадимги цивилизациясига эга мамлакат. Хитой ёзуви шунингдек энг қийин ёзувни ўзида мужассамлаштирган. XIX асрга қадар мамлкат дунёдаги етакчи мамлакатлардан бири бўлиб, ХХ асрда унинг нуфузи сал пасайди. ХХ1 асрда эсса у ўз мавқеини қайта тиклади.
Хитойликлар ўз ватаниниЧжунго, яъни ўртада жойлашган мамлакат деб аташади. XIX асрда Хитойни “Ўртадаги давлат” ёки “Ўртадаги империя”, “Марказий мамлакат” дейишган. Эрамиздан аввал 1000 йил олдин ёзилган “Қўшиқлар китоби”да мазкур тушунча билан пойтахт атрофи тушинилган. ХХ асрнинг бошларида “чжунго” тушунчаси илк маротаба Хитой Республикасини аташда ишлатилди.
Хитойнинг “China” атамаси Цинь (эр.ав 221—206 ) сулоласи номидан келиб чиққан.
“Хитой” сўзи эса “Катай” атамасидан келиб чиқиб, Маньчжуриядаги кўчманчи қабилалар киданейлар номидан келиб чиққан. 907 йилда улар Шимолий Хитойни босиб олиб, Ляо сулоласига асос солишди.Марко Поло томонидан “Катай” (“Cathay”) сўзи Ғарбий Европага кириб келди.
Хитой цивилизациясининг бошқаларидан фарқи, у бошқа тамаддун марказларидан чегараланган эди. Археологик топилмаларга асосан қадимги одамлар Homo erectus замонавий Хитой ҳудудида 2,24 млн. — 250 минг йил аввал яшашган. Биринчи Хитойни эрамиздан аввал 2070 йилдан 1600 йилгача Ся сулоласи бошқарган. Сўнг Шан (Инь) сулоласи бошқарган. Эрамиздан аввал 221 асрда Цинь Ши Хуан-ди гона империяга бирлашиб, янги Цинь сулоласи Хитойни империя сифатида дунёга танитди. Сўнг Хань, Суй,Тан ва Сун, Юань, Мин, Цин сулолалари бошқарди.
1912 йил 1 январда Цин сулоласи тахтдан туширилиб, Хитой Республикаси ташкил этилди ваГоминьдан миллий партиясининг етакчиси Сунь Ятсен мамлакатнинг биринчи президенти бўлди. Узоқ давом этган курашлар, келишмовчиликлардан сўнг Иккинчи жаҳон урушидан кейин Хитойдаги фуқаролар уруши мамлакатнинг иккига бўлинишига олиб келди: Хитой Халқ Республикаси (мамлакатнинг материк қисмида жойлашган) ва Хитой Республикаси (Тайван ва унинг атрофидаги оролларни назорат қилади) вужудга келди. Айни пайтда икки республика бир бири билан диалектик курашда. Бугунги кунда дунёнинг 23 та давлати Хитой Республикасини расмий Хитой сифатида, қолган давлатлар эса ХХРни тан олишган.
Бугунги кунда Хитой ички қарма қаршиликларга қарамай ривожланмоқда. Нафақат Пекин, балки ҳар бир провинциядаги шаҳарлардаги оспонўпар бинолар, келажак шаҳрига монанд инфратузилма, электромобиллар ва ҳар бир турар жойда гуллар ва буталар, чирмовуқ ўсимликлар. Бир қарашда улар шаҳарда тартибсиз ўсгандек. Аммо синчиковлик билан қаралса уларнинг барчаси маълум бир схемага асосан экилганини кўриш мумкин. Пекин дунёда ҳавоси энг ифлос шаҳарлар қаторига киритилганига қрамай, айнан яшиллик хитойликларни табиат билан уйғунликда яшашга интилаётганликларидан далолат беради.

Наргис ҚОСИМОВА.
Пекин ш.