Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Давлат бошқаруви академияси ҳамда Хитойнинг Шанхай ижтимоий фанлар академияси билан биргаликда “Ўзбекистон ва Хитой: “Бир макон, бир йўл” ташаббусини ҳамкорликда амалга ошириш истиқболлари” мавзуида халқаро конференция ташкил этилди. Унда Ўзбекистон ҳамда Хитой тадқиқот марказлари, чет давлатлар дипломатик миссиялари раҳбарлари ва юртимиз давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари икки мамлакат ўртасида ҳамкорлик алоқаларини, шу жумладан, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишди.
“Бир макон, бир йўл” — Хитойнинг халқаро ташаббуси бўлиб, у Марказий Осиё, Европа ва Африка минтақасида жойлашган 60 дан ортиқ мамлакатларни ўзаро боғловчи мавжуд иқтисодий йўлакларни янада такомиллаштириш ҳамда янги транспорт ва савдо йўлларини яратишга қаратилган. Ушбу ҳудуддаги давлатлар жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 55 фоизини, глобал энергия захираларининг 75 фоизини ўзида жамлаган.
Конференцияда Ўзбекистон бой табиий, ишлаб чиқариш ҳамда инсон ресурслари тўпланган минтақада транспорт, савдо, инвестиция, энергетика ва юқори технологиялар соҳасида йирик лойиҳалар амалга оширилиши тарафдори эканлиги таъкидланди. Ўзбекистоннинг барқарор ривожланаётган иқтисодиёти, қулай жуғрофий жойлашуви, замонавий транспорт коммуникациялари, сармоя жалб этиш бўйича пухта ҳамда ишончли стратегияси кўплаб давлатлар ишбилармонларининг ҳамкорликка қизиқишини оширмоқда.
Тошкент Марказий Осиё минтақасини устувор йўналиш сифатида белгилаб олган ҳолда фаол ташқи сиёсат олиб бормоқда. Минтақада мутлақо янгича муҳит қарор топди, ҳамкорликнинг турли жабҳаларида тарихий натижаларга эришилди: чегаралар очилмоқда, кўплаб соҳаларда, жумладан, транспорт коммуникацияларини кенг ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилаяпти. Марказий Осиёнинг беш давлати минтақавий хавфсизликни таъминлаш йўлида барча саъй-ҳаракатини бирлаштирмоқда. Шу маънода айтганда, Тошкент Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” ташаббуси билан уйғун равишда қадам ташлаяпти.
Бундан бир йил муқаддам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Пекин шаҳрида бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” форумида мазкур ташаббус ҳар бир давлатнинг ўз имкониятларидан тўла фойдаланиш, иқтисодий жиҳатдан бир-бирини тўлдириш, савдо ҳамда инвестицияларни рағбатлантириш, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш учун кенг йўл очишини қайд этди. Лойиҳанинг рўёбга чиқарилиши дунё тамаддунида Марказий Осиёнинг тарихий мавқеини қайта тиклашга замин яратади.
Экспертлар транспорт-коммуникация, савдо, иқтисодиёт, туризм, илм-фан соҳаларида Ўзбекистон — Хитой ҳамкорлигининг устувор йўналишлари ва истиқболларини муҳокама қилди. Минтақавий ҳамкорлик ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлашдаги долзарб вазифалар кўриб чиқилди. Икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун аниқ таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди. Жумладан, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Шанхай ижтимоий фанлар академияси ўртасида савдо, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳаларда тадқиқотлар олиб бориш бўйича ўзаро ҳамкорликнинг “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Шунингдек, Тошкент шарқшунослик институти қошида “Бир макон, бир йўл” таҳлилий марказини ташкил этиш таклиф қилинди.
Сўз — конференция иштирокчиларига
ЮЙ Синхуэ, Шанхай ижтимоий фанлар академияси партия қўмитаси котиби:
— Ўтган йили ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз Шанхай глобал тадқиқот марказлари форумида иштирок этган эди. Биз “Бир макон, бир йўл” лойиҳасини илгари суришнинг амалий натижаларини муҳокама қилдик. Мазкур ташаббусни халқаро миқёсда биргаликда тарғиб этиш мақсадида интеллектуал салоҳиятни бирлаштиришга қарор қилганмиз.
Роппа-роса бир йил аввал Пекинда “Бир макон, бир йўл” халқаро форуми бўлиб ўтди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Хитойга борди. Мамлакат раҳбарлари сиёсий, иқтисодий ва молия соҳаларида муҳим келишувларга эришган эди. Умумий қиймати 26 миллиард АҚШ долларига тенг ҳужжатлар имзоланди.
Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бугун ўз натижасини бермоқда. Биз Ўзбекистон келажагига катта ишонч билан қараяпмиз. Мамлакатингиз энг жадал ривожланаётган ўнта мамлакат қаторидан жой олди. Бу ҳайратланарли натижа. Давлатларимизнинг “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги ҳамкорлиги тараққиёт учун янги имкониятлар эшигини очади.
ЦЗЯН Янь, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
— Жорий йилда “Бир макон, бир йўл” ташаббуси эълон қилинганига беш йил тўлди. Бугунги кунга келиб унинг ҳаётга татбиқ этилиши бўйича муҳим натижаларга эришилди. Мазкур лойиҳага дунёнинг 100 дан ортиқ давлат ҳамда халқаро ташкилотлари жалб қилинган. Хитой 69 та мамлакат билан ҳамкорлик тўғрисида шартномалар имзолаган. Хитойнинг ушбу ташаббуси нафақат давр талабига, балки барча мамлакатлар манфаатларига жавоб беради. Ўзбекистон биринчилардан бўлиб ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади. 2017 йил май ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ХХР Раиси Си Цзиньпин билан учрашувида фаолиятнинг асосий йўналишлари белгилаб берилганди. Икки томонлама ҳамкорлик жадал суръатларда кенгаймоқда. Энг муҳими, бундай эзгу саъй-ҳаракатлар самарасини халқларимиз ҳис этмоқда.
ЯН Бо, Шанхай халқаро тадқиқотлар университети Россия ва Марказий Осиёни тадқиқ қилиш маркази директори ўринбосари:
— Марказий Осиё ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим минтақа ҳисобланади. У Хитойни Европа, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё билан боғлайди. Ўзбекистон минтақанинг юрагида жойлашган. Мамлакатингиз ҳудудидан Буюк Ипак йўли ўтган. Бу барчамиз учун муштарак тарих. “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида Хитойдаги Ипак йўли жамғармаси ҳамда бошқа молия институтлари кўмагида транспорт соҳасида қўшма лойиҳалар амалга оширилаяпти.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда кечаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда икки томонлама муносабатларимиз жадал ривожланиб бораяпти, янгича мазмун билан бойимоқда. Жорий йил кузида Шанхай халқаро тадқиқотлар университетида илк марта “ўзбек тили” мутахассислиги бўйича талабаларни қабул қилиш бошланади. Бу ёшларимизга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун янги имкониятлар яратади.
Қобил ХИДИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.