ШҲТга аъзо саккиз давлат мусиқаси ўзбек созандалари ижросида (видео)

Мусиқа сайёрамизда яшовчи ҳар бир миллат ёки этник гуруҳнинг анъанавий маданиятининг ажралмас қисмидир. Халқ оғзаки ижоди, унинг қўшиқлари ва мусиқа асбоблари маълум бир миллатнинг менталитетининг ўзига хос хусусиятларини аниқлайди.

Мусиқа инсонларни бирлаштирувчи улкан кучга эга. Ҳар бир миллатнинг мусиқий ҳамда оғзаки тили бор. Ва бу мусиқий тил, оғзаки тилдан фарқли ўлароқ, таржимасиз бошқа барча халқлар учун тушунарли.

Мусиқа замирида халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурматни янада камол топтириш, маънавий бойликни қадрлаш, фикр ва тажриба алмашиш орқали жаҳонда тинчлик ва дўстлик барқарорлигига эришишдек эзгу ниятлар ётади.

Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази мусиқа орқали турли мамлакатлар бирлиги ва ҳамжиҳатлик руҳини қўллаб-қувватлашни мақсад қилди.

Юртимизнинг таниқли устоз созандаси Абдухалил Исаев раҳбарлигидаги “Ассалом” халқ чолғу ансамбли бу ташаббусни маҳорат билан амалга оширди.

Қисқа фурсатда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо саккиз давлатлар-Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон халқ куйлари ўзбек миллий чолғу асбобларида ижро этилди.

Бунда турли авлод ҳотирасига муҳрланган энг сара халқ куйлари танлаб олинди: Ҳинд филмларидан “Дайди” ва “Диско раққоси”, қозоқ халқ куйи “Кўнгил мусиқаси”, Хитой халқ куйи “Император”, қирғиз халқ куйи “Тумарим”, Покистон миллий куйи “Рақс”, машҳур рус қўшиқлари –“Смуглянка”,“Катюша”, “Калинка” ва “Коробейники”, тожик халқ куйи “Лаъли Яман”, шунингдек, ўзбек халқ куйи “Шодиёна” шулар жумласидандир.

Мавзуга оид:

Шубҳасиз, мазкур куй-қўшиқлар тингловчилар қалбида илиқ туйғуларни уйғотиб, ШҲТга аъзо давлатлари халқларининг мусиқа санъати ва маданиятини янада яхшироқ билиш ва мамлакатлар ўртасидаги дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.

 Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг
Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати