Ўзбекистон пахта етиштирувчи энг йирик давлатлар ўртасида олтинчи ўринни эгаллаб турибди. Ҳиндистон, Хитой, Покистон, АҚШ ва Бразилия етакчи 5 та давлатлар сирасига киради.
Дунё пахтасининг 25 фоизидан кўпроғи, яъни йилига тахминан 6,5 миллион тонна пахта Хитойда етиштирилади. Муҳим жиҳати шундаки, мамлакат пахта хомашёсини деярли экспорт қилмайди, тўлиғича ўзида қайта ишланади. Қолаверса, хориждан ҳам пахта импорт қилади. Ўзбек пахтасини харид қилаётган хитойликлар унинг сифати учун қўшимча ҳақ тўлайди.
Хитойнинг асосий пахта майдонлари Шинжон-Уйғур автоном туманида жойлашган. Бу ҳудудда яшайдиган маҳаллий халқ азалдан миришкор деҳқонлар бўлиб, сифатли пахта етиштиришнинг ҳаддини олишган. Ҳосил асосан машиналарда териб олинади.
Шу кунларда автоном туманнинг бепоён пахтазорларида кенг кўламдаги йиғим-терим ишлари авжи паллага кирди. Энг сўнгги русумдаги терим машиналарининг “гумбури” кеча-ю кундуз тингани йўқ. “Ҳосил қанчалик тез йиғиштириб олинса, унинг сифати шунчалик юқори бўлади”, дейди хитойликлар.