Хитойда, археолог ва тарихчи олимларнинг таъкидлашича, Шаньси провинцияси ҳудудида император Лэй Цзу даврида, бундан тўрт минг йиллар чамаси илгари ипак қурти боқилган ва пилладан ипак толаси ажратиб олиниб, шоҳона матолар тўқилган. Икки ярим минг йил аввал эса уни ҳозирги Италия ва Европанинг шарқий қисмига олиб келишгани ҳақида ишончли тарихий маълумотлар мавжуд.
Пилладан олинган ғоят нозик ва мулойим тола ҳамда ундан тўқилган ипак матоларнинг парчалари собиқ Рим империяси ҳудудидаги кўплаб шаҳарларда олиб борилган археологик қазишмалар чоғида топилган. Масалан, Американинг “National Geographic” журнали тарқатган маълумотга кўра, немис археологи Штутгарт яқинидаги Хокдув қишлоғида эрамиздан аввалги 500 йилга таалуқли қабрни топган ва унда жасад қолдиқлари билан бирга Хитой ипак матоси парчалари бўлган. Қрим ярим оролида, Керч яқинида ҳам худди шундай мато бўлаклари топилган. Бу топилдиқлар Хитой ипак матолари Ғарб мамлакатларига эрамиздан аввалги IV-V арслардаёқ олиб келингани ва ўшандаёқ шарқдан ғарбга савдо-сотиқ йўли бўлганини кўрсатади.
Шаньсидан Венецияга ипак матолар ортган карвон қайси йўлдан юрган? Ўн тўққизинчи арснинг етмишинчи йилларида немис географи Фердинанд фон Рихтгофен (1833-1905) сафар таасуротлари асосида “Хитойга саёҳат натижалари ва тадқиқи” асарини ёзади. Олим Хитойни эрамиздан аввалги 114 йилдан то эрамизнинг 127 йилигача марказий Осиёнинг Амударё ва Сирдарё оралиғидаги ҳудудлар орқали Европа ва Жануби-ғарбий Осиё билан боғловчи карвон йўлини илк бор инглиз тилида “The silk road”— Ипак йўли деб атаган. Яъни у Хитойдаги Хан династияси ҳукмронлигида юборилган элчи Чжан Цяннинг ҳозирги Фарғона водийсига келган йўлини назарда тутган ва унга шундай ном берган. Кейинроқ эса Хитой-Венеция оралиғидаги йўл ҳақида сўз борганда ҳам айнан Рихтгофен атамаси қўлланадиган бўлди.
Буюк ипак йўлининг ғоят муҳим стратегик аҳамиятга эга қисми ҳозирги Шинжон-Уйғур автоном райони ҳудудига тўғри келади. Карвонлар Шаньси, Ганьсу, Цинҳай шаҳарларидан ўтиб, бепоён Такламакон чўллари орқали мислсиз машаққат ва қийинчиликлардан сўнг Шуле (ҳозирги Қошғар)га кириб келганлар. Бу ерда дам олиб, куч йиғиб, карвонни Помир тоғлари орқали Ҳиндистон, Покистон томонга, Довон давлати (ҳозирги Фарғона водийси) орқали Парфия, Эрон, ундан жанубга Сурия, шимолга Рим империяси томон юрганлар.
Шинжоннинг Кумун, Турфон, Хўтан каби шаҳарлари ҳам Буюк Ипак йўлида Шуле каби ипак мато олиб бориш билангина чегараланмаган. Темир, олтин, кумуш, дори-дармон ортган карвонлар ғарбдан шарққа қараб юрганлар.
Тарихдан маълумки, Шинжон минг йиллар давомида Марказий Осиё, жумладан, ҳозирги Ўзбекистон халқлари, унинг тарихи ва маданияти билан боғлиқ бўлган. Айниқса, бу ўлкаларга ислом кириб келиши, туркий хоқонларнинг ҳарбий юришларидан сўнг икки минтақани бир-бирига яқинлаштирган ришталар мустаҳкамланган. Ҳозирда ҳам ХХРнинг шинжон-Уйғур автоном райони ва Ўзбекистон ўртасида иқтисодий, маданий алоқалар ривожланиб бормоқда. Хўш, бугунги шинжоннинг ўзига хос томонлари қандай? Биз тарихий манбалар, шахсий кузатувларимизга таяниб, Сизга Буюк Ипак йўлида жойлашган Шинжон манзаралари ҳақида ҳикояларимизни тақдим этамиз.