Шанси’да қадимий корхона топилди

Хитойлик археологлар мамлакат шимолида жойлашган Шаньси провинциясида олиб борилаётган қазиш ишлари чоғида тоза мис ва мисдан турли маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган улкан қадимий корхона изларини топишди. Мисдан қуйма буюмлар тайёрланадиган мазкур завод анчагина кенг — тахминан 700 минг квадрат метр майдонни эгаллаган.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, салкам 100 минг квадрат метр жой мисни эритишга ажратилган. Заводнинг қолган қисмлари бошқа мақсадларда фойдаланилган. Ҳудудда жуда кўп миқдорда мис кукуни, эритма қолдиқлари, шунингдек лой ва гилдан ясалган печ синиқлари топилган.

Аҳамиятлиси, бу ерда изланишлар икки йилдан буён давом этаётганди. Шу вақт ичида олимлар 1800 квадрат метр майдонда қазиш ишларини олиб боришди. Яъни, ҳали заводнинг каттагина қисми ер остида яшириниб ётибди. Кавлаб олинган буюмлар ва жисмлар Хитой миллий музейига топширилди.

Мутахассислар мазкур ишлаб чиқариш корхонаси қадимги Хитойда эрамиздан аввалги 2070-1765 йиллар давомида ҳукмронлик қилган афсонавий Ся династияси замонида қурилганини таъкидлашди. Бир неча печ қолдиқлари авлоднинг энг сўнгги вакиллари даврига оидлиги айтилган.

Айрим печлар, мис қуймалари ва ёғоч кўмир парчалари анча кейинги, Шан династияси давридан дарак беради. Тарихий маълумотларда шу ном билан боғлиқ давлат тахминан эрамизгача 1554-1046 йилларда мавжуд бўлгани келтирилган.

Дарвоқе, мис эритиш печларидан бири вайроналари орасидан одам скелети чиқди. Археологлар бу бахтсиз инсон қурбон берилган, деб ҳисоблашяпти. Зеро, бу анъана Хитой ҳунармандлик-ишлаб чиқариш соҳасида азалдан мавжуд бўлган.

Очилган майдонда амалга оширилган қазилма ишлари завод таркибида бир неча “цех“ фаолият кўрсатганини исботлади. Ҳудудда тоза мисдан турли буюмлар ясаладиган катта-кичик устахоналар жойлашган.

Мазкур кашфиёт соҳа мутахассисларига Ся ва Шан династиялари даврида металл жисмларга қандай усулларда ишлов берилгани ҳақида қўшимча маълумотларга эга бўлиш имконини беради.