Видео: Дунёдаги энг узун шиша кўприк очилди

Хитойда дунёдаги энг узун шиша кўприк ишга туширилди. Қуш парвози баландлигидаги шаффоф кўприк Ляньцзян дарёсининг икки соҳилини туташтиради.

Кўприк 201 метр баландликда қурилган. Узунлиги 526 метр, унда ишлатилган шиша уч қатламли бўлиб, жами қалинлиги 4,5 сантиметрга тенг.

Кўприкка чиққанлар оёқлари остидаги дарёни бемалол кўришлари мумкин. Шаффоф кўприк бир пайтнинг ўзида 500 тагача кишини кўтара олади.

Маълумот учун: дунёдаги бундан олдинги энг узун шиша кўприк ҳам Хитойда, Хунан вилоятидаги Чжанцзяцзедаги Миллий боғда жойлашган эди. Унинг узунлиги 393 метр бўлиб, ердан 300 метр баландликда қурилган.