Ҳар йили 1 октябрь санасида Хитойдаги энг асосий давлат байрами — Хитой Халқ Республикаси ташкил топган кун кенг нишонланади. 1949 йилнинг айни шу санасида Пекиндаги Тяньаньмэнь майдонида бўлиб ўтган митингда ХХР ташкил топгани эълон қилинган эди. 2 октябрда эса марказий ҳукумат 1 октябрни миллий байрам сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Бу йил Хитой Халқ Республикаси ташкил топганининг 72 йиллиги муносабати билан бутун Хитой бўйлаб байроқ кўтариш маросимлари бўлиб ўтди.
Хитой Халқ Республикаси ташкил топган куни байрами беш кун давомида нишонланиб, мазкур ҳафта Хитойдаги икки “Олтин ҳафта”дан бири сифатида қарши олинади. 1 октябрда пойтахтдаги марказий майдонларда халқ сайиллари ўтказилиб, кечқурун мушакбозликлар ташкил этилади.
Шунингдек, шаҳарлар жонли гуллар билан безатилади. Мазкур байрамни томоша қилиш истагидаги хорижлик сайёҳлар учун туризм соҳаси вакиллари хилма-хил саёҳат дастурларини таклиф этишади.