“Олтин ҳафта” (фото+видео)

Ҳар йили 1 октябрь Хитойдаги энг асосий давлат байрами — Хитой Халқ Республикаси ташкил топган кун сифатида кенг нишонланади.

1949 йилнинг айни шу санасида Пекининг Тяньаньмэнь майдонида бўлиб ўтган митингда Хитой Халқ Республикаси ташкил топганини эълон қилинган эди. Эртасига – 2 октябрь куни эса марказий ҳукумат 1 октябрни миллий байрам сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

2022 йилнинг 1 октябридан 7 октябрига қадар Хитойда расмий дам олиш кунлари ҳисобланиб, “олтин ҳафта” сифатида байрам қилинади.

Дастлабки ўн йилликда ХХР ташкил топган кун шарафига ҳарбий парад ҳар йили зтказилар эди. 60-йилларда ҳукумат қарори билан тантанали парад фақат яхлит йилларда ўтказиладиган бўлди. Хитойдаги Маданий инқилобдан сўнг эса умуман ўтказилмади. 1984 йилда — ХХР ташкил топганининг 35 йиллигида бу анъана қайта тикланди.

Мамлакатда ушбу байрам бир ҳафта давомида нишонлангани учун ҳам уни бошқача ном билан “Биринчи октябрь шарафига узоқ давом этадиган таътил” деб ҳам атайдилар.

Байрамнинг асосий анъаналаридан бири — Тяньаньмэнь майдонида тантанали равишда давлат байроғи кўтарилади. Байроқ кўтарилиши қуёшнинг заминга нур тарата бошлаган пайтига тўғри келади. Бош майдон, марказий кўчалар гулларга бурканади, халқ сайиллари ўтказилиб, унда одамлар давлат байроқларини, Мао Цзэдун, Сун Ятсен ва бошқа машҳур ватандошларининг портретларини кўтариб олишади. Кечқурун мушакбозликлар ташкил этилади.

Хитойликлар байрам кунлари саёҳат қилишни ёқтирадилар. Шунинг учун одамларга хилма-хил кўнгилочар саёҳат дастурлари таклиф этилади, савдо шохобчалари, супермаркет, ресторан ва бошқа хизмат кўрсатиш жойлари одатий иш режимида ишлайди. Мазкур байрам тадбирларини томоша қилиш истагида бўлганлар меҳмонхонадан жой, самолёт ва поезд билетларини аввалдан банд қилишади.

Фото: flashsiberia.com