Хитойликлардан қайси жиҳатларини ўрганишимиз мумкин?

Хитойдан ўрганишимиз, олишимиз мумкин бўлган жуда-жуда кўп жиҳатлар бор. Аслида ҳозир сиз биладиган дунёнинг иккинчи рақамли давлати бўлган Хитой атиги 30-35 йил аввал анча ночорликда яшаган. 1950-йилларда эса очликдан бир неча 10 млн хитойлик вафот этганлиги ҳақида маълумотлар бор.

Хитой аввалдан бой ва фаровон давлат эмас эди. Ҳозир эса Хитой ўз минтақасидаги деярли барча давлатни ортда қолдириб бўлди.

Хитойликлардан қайси жиҳатларни ўрганишимиз мумкин?

Ўз тилига нисбатан жуда катта ҳурмат

Фото: ZaZa School

Хитойликлар хитой тилини ҳақиқатда севади. Кўчалардаги ёзувларнинг 99 фоизи хитой тилида ёзилган, маҳсулотлар ёрлиғининг барчаси хитойча, ҳатто чет элдан келадиган импорт маҳсулотлар идишига хитой тилида ёзилган алоҳида ёрлиқ ёпиштирилиши шарт. Исталган давлат сайтига кирсангиз аввал хитойча саҳифа очилади. Барча давлат ва нодавлат ташкилотлар хитой тилида юритади. Ҳамма ҳужжатлар хитой тилида. Телефон сотиб олсангиз ичи хитойча, компютер, музлаткич, хуллас, ҳамма-ҳаммаси хитойча. Хитойда шундай ҳолатки, хитой тилини билмайдиган одамга бу ерда яшаш жуда қийин. Хитой тилини ўрганиш учун эса, айнан чет элликлар учун, жуда кўплаб китоблар, қўлланмалар, сайтлар, мобил иловалар, видео дарслар яратилган.

Навбатда туриш

Фото: China News Service

Хитойга келиб кўрган ва мени энг ҳайратда қолганларимдан бири бу одамларнинг онУстановить изображение записигли равишда навбатга туриши, ҳеч ким айтмаса ҳам, ҳеч ким назорат қилмаса ҳам навбатни шакллантира олиши ва унга барча бирдек амал қилишидир.

Таълим тизимига бўлган эътибор ва таълимда коррупциянинг йўқлиги

Фото: Study in China

Мен хитойларнинг ҳозирги муваффақияти асосида ҳозирги хитой таълими ётади деб ўйлайман. Чунки, мана Хитойга келганимга беш йил бўлган бўлса ҳалигача кўчада бирорта мактаб ёшидаги болани кўрмаганман. Чиндан ҳам кўчада, бозорда бирорта мактаб ўқувчиларини кўрмайсиз. Чунки улар тонг саҳарда мактабга кетади, кеч бўлганда қайтади. Агар мактабда яхши ўқимаса ўқишга кира олмайди, ўқишга кира олмаса келажак ҳаёти ҳам йўқ, қора ишчи бўлишга мажбур. Ўқишга кириш эса… осон эмас, фақат ва фақат билимлиларгина ўқишга кира олади. Олий таълимда коррупция мутлақо йўқ. Ҳар ҳолда мен беш йилдан бери унақа нарсани кўрмадим. Талабаларнинг ўқиши, яшаши, тадқиқот қилиши учун барча шароит яратилган, профессор-ўқитувчиларнинг барчаси ҳурматда, ойлиги катта, алламбало машиналарда юради, қоғозбозлик йўқ эмас, бор, бироқ, бу илмий тадқиқотлар учун тўсиқ бўладиган, вақтни ўғирлайдиган даражада эмас.

Ишга киришнинг шаффофлиги

Университетда ҳар йили бир неча марта талабалар учун иш берувчилар меҳнат ярмаркаси ташкил этади ва суҳбатлар ўтказади. Бу хўжакўрсинга эмас, аксинча, барча иш берувчилар кучли кадрларни излайди, уларни ўзига жалб қилишга ҳаракат қилади. Боиси ҳар бир соҳа бўйича рақобатчи бор, бирор нўноқ кадр туфайли мижозларни бир сонияда йўқотиб қўйиш мумкин, шу боис ишга олишда фақат кучли кадрларга эътибор берилади, непотизм балки жуда юқори элита қатламида бордир, лекин оддий одамлар қатламида деярли бу иллатни учратиш амри-маҳол.

Онлайн савдо

Фото: TradeMaster.UA

Хитойнинг бу жиҳати ҳар қандай давлат учун намуна бўла олади. Интернет орқали истаган нарсангизни сотиб олишингиз мумкин, етказиб бериш хизматлари ҳам соатдек ишлайди. Уйдан чиқмасдан туриб ҳам бемалол харидлар қилишингиз, маҳсулот ҳақида сотувчи билан гаплашишингиз мумкин ва бу мутлақо қулай ва осонлаштирилган. Агар бирор маҳсулот ёки хизматдан кўнглингиз тўлмаса пулингизнинг қайтарилиши кафолатланади. Сабаби ҳар бир маҳсулот ёки хизмат ҳақида мижозлар фикр билдириб баҳо қўядиган жой мавжуд ва уни сотувчилар назорат қила олмайди. Агар маҳсулот ҳақида бир-икки харидор салбий фикр билдирса, тамом, ўша маҳсулот сотуви кескин тушиб кетади. Шу боис онлайн савдода ҳам сотувчилар маҳсулот ва хизмат сифатига қаттиқ эътибор берадилар.

Онлайн савдонинг яна бир қулайлиги бозорга чиқиб савдо қилишдан кўра арзон ва чегирмаларнинг кўплигидир. Масалан, битта маҳсулотни дўкондан 10 юанга оладиган бўлсангиз айнан шу нарсанинг ўзини онлайн савдо орқали бемалол 6-7 юанга ҳам сотиб олаверасиз.

Транспорт

Бу жиҳат бўйича ҳам Хитойга етадиган давлат йўқ бўлса керак. Бу мавзуда кейинроқ батафсил айтиб бераман, ҳозирча қисқача шуни айтишим мумкинки, Хитойда шаҳарлараро транспорт шу даражада ривожланганки, бир шаҳарда яшаб бемалол бошқа шаҳарда ишлашингиз мумкин. Бир неча ўнлаб авиакомпаниялар бор, поездлар, автобуслар ҳам ҳудди шундай. Интернет орқали чипталарни бемалол бир ҳаракат билан харид қила оласиз, монополия йўқлиги боис компаниялар мижозларга турли-туман чегирмалар таклиф этади, айниқса байрамларда бизникидан фарқли равишда нархлар тушади.

Шаҳар ичидаги метро тизими ҳам алоҳида мавзу. Мен яшайдиган Чонгчинг шаҳрида метро қурилиши 2005 йилда бошланганига қарамай мана сўнгги 15 йилда шаҳарнинг жуда катта қисмини қоплаб улгурди. 10 дан ортиқ линиялар бор, ҳар бир линиянинг узунлиги 50-60 км дан кам эмас. Уйингиз олдидаги метро бекатидан чиқиб шаҳарнинг исталган қисмига бора оласиз.

Меҳнаткашлик

Ким нима деса десину, мен ҳалигача хитойликлардан кўра меҳнаткашроқ халқни кўрмадим. Мендан баъзи танишларим Хитойда иш йўқми деб сўраб қолишади. Ҳазиллашиб «сизнинг бир кунлик ишингизни битта хитой бир қўлида қилади» деб айтаман. Тинимсиз, тўхтовсиз, камига сифатли ишлашади. Биргина мисол, биз ҳар куни эрталаб соат 8-9 да лабораторияга борамиз. У ерда асосан ақлий меҳнат, шундай бўлсада мен кечки пайтга бориб, ҳудди бир гектар ер чопгандек чарчайман, миям ишламай қолади. Мусиқа эшитиб ёки кино кўриб 2-3 соат дам оламан. Хитойликлар эса кечқурун 10-11 гача ҳам тўхтамасдан илмий тадқиқот билан ишлайверади. Байрам, дам олиш куни демасдан ишлашади. Хитойни Хитой қилган аслида мана шу Хитойнинг меҳнаткаш халқи десам адашмайман.

Бахтиёр Шералиев,

Чонгчин шаҳридаги “Жанубий-ғарбий университет” докторанти